Сиз ҳали яшашингиз керак!

Автотранспорт ҳаракатланиш воситаси, инсоннинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишда беминнат кўмакчи. Аммо ундан тўғри фойдаланиб, ҳаракат хавфсизлигига қатъий риоя қилсангизгина сизга фойдали хизмат қилади.
Афсуски, кейинги пайтларда йўл транспорт ҳодисалари кўпаяётгани кишини ташвишлантиради. Бунинг сабаби, аввало, кўча ва йўлларни талабга жавоб бермаслиги, қатновнинг эса кескин ошиб борётгани бўлса, бошқа томондан, кўпчилик ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслиги: тезликни меъёрдан ошириш, маст ҳолда машинани бошқариши, техник носоз машинада йўлга чиқиши, ҳайдовчилик гувоҳномасиз рулга ўтириши, бошқарувни йўқотиши ва ҳоказолардир. Бироқ, барибир бош сабаб, инсон омилидир.
Йўл-транспорт ҳодисалари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, агар том маънодаги ҳайдовчилик маданияти шаклланмас экан, ҳеч қандай қонун-қоида, назорат, жарима, чора-тадбир кутилган натижани бермайди. Демак, ҳаракат иштирокчисига айланган ҳайдовчи, пиёда йўловчи нафақат ўзи, балки бошқалар ҳаёти хавфсизлигига ҳам жавобгар эканлигини билиши керак. Акс ҳолда йўл ҳаракати билан боғлиқ фожиалар тўхтамайди.
Статистик маълумотларга кўра, шу йилнинг ўтган даврида республикамизда автоҳалокатлар оқибатида 700 киши ҳалок бўлган, 1200 дан зиёд киши бир умр мажруҳ бўлиб қолган. Коронавирусдан 200 дан зиёд юртдошимиз вафот этгани ҳаммамизни чуқур қайғуга солган пайтда, автоҳалокатда шунча одамни ҳаётдан кўз юмиши нақадар даҳшатли.
Шундай даврда яшаяпмизки, йўл ҳаракати хавфсизлиги кундалик ҳаётимизда муҳим вазифага айланмоқда. Аммо уни тарғиб қилиш, фарзандларимиз онгига чуқур сингдириш кўнгилдагидек эмас. Йўл ҳаракати қоидалари ҳамма оилада ҳам ўрганилмайди. Боғча ва мактабларда ўрганиш муҳим фанлар қаторига киритилгани йўқ. Ҳаракат хавфсизлиги эса уни ҳар куни ўрганишимиз, ҳар куни амал қилишимизни тақозо этмоқда.
Тоғаймурод Шомуродов.