Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“СКОПУС”га мақола ёзиш муҳимми ёки яхши мутахассис тайёрлаш?

“Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга бўлган ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, профессор-ўқитувчиларнинг 2021 йилдаги педагогик ва илмий фаолиятини баҳолашда скопус журналларига мақола ёзиши белгиланган. Университетларнинг рейтингини аниқлашда академик обрў-эътибори, илмий ишларига ҳавола бериш кўрсаткичи (айнан шу кўрсаткич скопус журналларига мақола ёзиш билан боғлиқ), битта ўқитувчига тўғри келувчи талабалар сони, иш берувчилар орасидаги обрў-эътибори каби кўрсаткичлар ҳисобга олинади. Педагогик фаолиятни баҳолаш ҳар бир мамлакатнинг, олий таълим муассасасининг ички иши. Бу масала бўйича қуйидаги фикрларни билдирмоқчиман.

Педагог мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртларидаги профессор-ўқитувчиларнинг асосий иши педагогик фаолият. Ҳозирча уларнинг ўқув юкламалари жуда кўп. Масалан, мен доцент сифатида 2021-2022 ўқув йилида 849 соат юкламани бажаришим керак, унинг 638 соати аудитория дарслари.

Ҳозир мамлакатда деярли ҳамма соҳалар бўйича малакали мутахассис етишмайди. Мутахассисларни эса ОТМлар тайёрлайди. Бунинг учун ўқув режа, фан дастурлари, ўқув адабиётлари, лаборатория асбоб-ускуналари сифати ва сони бўйича етарли бўлиши керак. Шундай база билан ишлайдиган саводли профессор-ўқитувчи университет талабига жавоб берадиган талабадан малакали мутахассис (бакалавр, магистр) тайёрлаши мумкин.

Скопус базасига кирувчи илмий журналларга мақола ёзиши мумкин бўлган профессор-ўқитувчи журналларда чиққан мақолаларни ўқиши ва уларга мақола  ёзиш учун инглиз тилини билиши керак. Совет даврида ўқиганлар рус тилини, кейинги авлод, яъни ёш профессор-ўқитувчиларнинг жуда оз қисми инглиз тилини билади. Масалан, СамДУ кимё факультетида мен билан бирга ишлаётган 75 га яқин профессор-ўқитувчининг қарийб 70 фоизи ёшлар, уларнинг атиги 5 нафари инглиз тилида ўқийди, ёзади ва мулоқот қила олади.

Ҳар бир фаннинг, соҳанинг долзарб муаммолари нималардан иборат эканлигини билиш учун инглиз тилини билган профессор-ўқитувчи ўз соҳасига тегишли илмий адабиётларни мунтазам ўқиб бориш билан бирга, халқаро конференция, анжуманларда қатнашиб, маърузаларни эшитиши ва мутахассислар билан фикр алмашиши халқаро ҳамкорликка йўл очиши керак. У ўзининг илмий имкониятини, фаолиятини тегишли даражада сақлаб туриши учун аудитория юкламалари хорижий  илғор университетлардаги каби 200-250 соатдан ошмаслиги лозим.

Табиий фанлар соҳасида меҳнат қилаётган профессор-ўқитувчиларнинг, олимларнинг аксарияти экспериментал, тажрибавий соҳаларда ишлайди. Скопус базасига кирувчи журналлар тажрибавий илмий ишларга ўзига хос талаблар қўяди. Масалан, тажрибалар замондан орқада қолмаган асбоб-ускуналарда, ишончли намуналар билан ўтказилиши керак. Афсуски, бундай талабларга жавоб берадиган асбоб-ускуналар аксарият ОТМда йўқ. Ҳатто илгари фақат қоғоз ва қалам билан қилинган назарий физикадан фарқли, замонавий назарий физика билан шуғулланиш катта маълумотлар базаси билан ишлаш ва рақамли тажрибалар ўтказишни талаб қилади. Бу ишларни эса замонавий компьютерларсиз бажариш мумкин эмас. 

Ўзбек олимларининг халқаро анжуманларда қатнашиши учун АҚШнинг Travel CRDF Global ташкилоти ўз ҳисобидан бир неча марта (уч марта бориб келганлар ҳам бор) ҳамма харажатларни кўтарди. Уларнинг аксарияти халқаро олимлар ҳамжамиятига қўшила олмади. Бунинг сабаби, биринчиси – тил, иккинчиси – билим, талабга жавоб берадиган асбоб-­ускуна ва янги фикрларнинг йўқлиги. Демак, улар сайёҳ сифатида бориб келишди, холос. Нима учун икки-уч марта бориб келгандан кейин ҳам аравани мустақил тортолмадилар? Бунинг сабаблари ўрганилмади ва тегишли хулоса чиқарилмади. Буйруқбозлик билан рейтинг кўтаришга ўтилди. Оқибати нима билан тугаганини ўтган йили ҳаммамиз кўрдик. Ахир юқорида айтилган сабабларга кўра, илмий ишнинг савияси паст бўлгандан кейин тўғри йўл қолиб, қинғир йўлларни топишга ҳаракат қилади-да! Ачинарлиси, бу иш учун шахсий чўнтакдан ва давлат хазинасидан қанча пуллар ҳавога совурилди. Яна бунинг сабаби ўрганилмади.

Агар биз ОТМларда малакали мутахассис тайёрлашни йўлга қўйсак, скопус режаси ҳам табиий равишда йўлга тушади. Шунинг учун олдин мутахассис тайёрлайлик. Мамлакат, жамият мутахассисга муҳтож, скопусга юборилаётган профессор-ўқитувчининг юзини қизартирувчи сифатсиз мақолага эмас. Демак, биринчи навбатда, профессор-ўқитувчининг педагогик фаолиятига баҳо бериш керак. Чунки айнан шу фаолият талабга жавоб берганда эди, малакали мутахассис тайёрлардик.

Хўш, нималарга эътибор бериш лозим?

Саволга ўзим ишлайдиган аналитик кимё кафедрасида ўқитиладиган аналитик кимё фани мисолида жавоб бераман. Аналитик кимё фани намуналарни сифат, миқдорий ва структур (ички тузилишини аниқлаш) анализ қилиш усулларини ўргатади. Аналитик усуллар ва асбоблар фанда ва ишлаб чиқаришнинг ҳамма соҳаларида ишлатилади. Масалан, Менделеев даврий жадвалидаги кўзга кўринмас элементларнинг жуда юқори даражада ўлчанган нисбий массаси, тиббиёт лабораторияларидаги ташхис қўйиш учун ўтказиладиган бионамуналарнинг анализи, дори-дармон тайёрлашнинг ҳамма босқичида қилинадиган анализлар, экспорт ва импорт қилинаётган маҳсулотларнинг анализи аналитик усуллар ва асбоблар билан ўтказилади. АҚШ ва Германия каби ривожланган давлатларда озиқ-овқат маҳсулотларининг тозалигига қўйиладиган талаб жуда юқори. Шунинг учун аналитик усул ва асбоб жуда кичик миқдорларни (концентрацияларни) катта аниқлик билан ишончли ўлчашга ярайдиган бўлиши керак. 

Қайси усул ва мавзуларни ўрганиш олий таълим вазирлиги тасдиқлайдиган фан дас­турида ёзилади? Республикамизнинг илғор университетларида аналитик кимёнинг фан дастурида,  масалан, СамДУда 50 фоиз мавзулар кимёвий, қолган 50 фоизи эса асбобли усулларга ажратилган. Табиийки, усуллар бўйича соатлар ҳам шундай тақсимланган. Кўп­лаб университетларда эса кимёвий усулларнинг улуши катта. Дунёнинг илғор университетларида соатларнинг (маъруза, лаборатория ва амалий машғулотлар) камида 60-70 фоизи асбобли, қолган 30-40 фоизи кимёвий анализ усулларига ажратилган. Демак, биз ҳам шундай қилишимиз керак.

Ҳозиргача аксарият университетлар вазирлик тасдиқлаган фан дастурлари билан ишлайди. Энди замонавий асбоб-ускуналар сотиб олина бошланди ва бир қатор университетларга академик мустақиллик берилди. Агар бу мустақиллик ичида ўқув режа ва фан дастури тузиш ҳам бўлса, вазият яхшиланиши мумкин.

Яқин келажакда аксарият олий ўқув юртлари модул-кредит тизимига ўтади. Бу тизимда фанни яхши ўзлаштириш учун талаба бир соат аудиторияда ўқиса, бир ярим соат кутубхонада ўтириши керак, яъни мустақил таълимга катта эътибор берилади. Бунинг учун ўзбек тилида китоблар бўлиши, бу китобларнинг материаллари халқаро рейтингда 500 таликка кирувчи ОТМларнинг талабалари ўқиётган китобларникидан кам бўлмаслиги лозим. Бу соҳада фаолият кўрсатган профессор-ўқитувчиларни ҳам яхши рағбатлантириш, келажакда табиий йўналишларнинг талабалари адабиётларни инглиз тилида ўқийдиган бўлиши керак.

Ҳозир олий ўқув юртларига киришда ўтказилаётган тест синовлари адолатли бўлаётгани учун билимли абитуриентлар танлаб олиняпти. Эндиги муаммо, шу танлов асосида қабул қилинган талабага чуқур билим бера оладиган ўқитувчиларни танлашдан иборат.  Ҳозирги вақтда ўқитувчини ишга қабул қилиш асосан даъвогарнинг баъзи кўрсаткичларининг стандарт меъёрларга мос келишини текширишга асосланган. Шунинг учун бу кўрсаткичлар ҳақида маълумот қанча кўп бўлса, танлашдаги хатолик шунча кам бўлади. Бу кўрсаткичларнинг асосийлари иккита – профессор-ўқитувчининг ўз фани бўйича билим даражаси ва педагогик маҳорати, иккинчиси эса талабаларнинг унга берган баҳоси. Профессор-ўқитувчининг унвони ва даражалари, илмий ишларининг сони, фанга қўшган улкан ҳиссаси ва ҳоказо кўрсаткичлар булардан кейин туради.

Ўқиш пулини талаба тўлаяпти, билим унга керак, шунинг учун унинг фикри, талаби биринчи ўринда бўлиши лозим. Менинг таклифим - энг долзарб масалаларга жавоб олиш бўйича талабалар орасида номсиз сўров-анкета ўтказиш лозим. Агар сўровнома ҳар йили мунтазам равишда ўтказилса, олинган натижанинг аниқлик даражаси янаям юқори бўлади.

Абдулла ҚУВАТОВ,

СамДУ доценти.