Аёл муҳаббатдан иборат

Ишонмайсизми? Унда нега ишқ десак, севги десак, кўз олдимизда аёл сиймоланади?

Шоирлик – оғир қисмат. Шоирликнинг маъноси – кўнгилни фош этиб яшамоқ. Бу ҳаётда кўнгил нималарни кечирмайди? Ҳатто фалончининг дардини ёздим, фалон ташбеҳу туйғуларни ҳам ундан олдим, деб минг ёзғирсангиз ҳам, сизнинг қалбингиз бўйлайверади шеърлардан. Қолаверса, нафақат шоир, шоир ҳақда сўз айтаётган ҳам. Шеърим эсимга келади:

Афсуски,
 Шаффоф эмасман,
 намоён бўлмай
 иложим йўқ.
 Бу ранглар
 мени сотади.

Назаримда нафақат адибу шуаро, оддий касбдагилар, ҳаётда барчамиз сўзимиз, ишимиз, тутумимиз, ҳолимиз, меҳнатларимиз билан ўзимизни кўрсатиб – “сотиб” яшаймиз.  Бироқ “сотмоқ” тушунчаси Шаҳодат Исахонова ижодида том маънода “меҳрибоне топмаслик”, аксинча, сотқинлар ичра яшаш каби мумтоз мазмун кашф этади. Маргиналлашган постмодернизм, яъни ҳамма қарашлар оммавий маданиятга мослашган замонда бу бироз ғалати туюлар. Бироқ вақти келиб замон бу бадиий юксакликнинг, идеалга интилишнинг қадрини англайди:

Ё Раб... Бу не толе еру осмон сотди,

Қориб қадримни тупроққа арзон сотди.

Ёғийдан қилған эрдим эҳтиётимни,

Хўп доғда қолдириб дўсти нодон сотди.

Ҳатто лирик қаҳрамоннинг ўз жони уни тарк этиш, сотиш даражасига етади: “Масеҳи Исони кутмай, бу жон сотди”. Шаҳодат Исахонова шеърларининг фалсафийлиги, контрастларга бойлиги, образларнинг кескинлиги билан диққатимни тортади. Санъатнинг қуроли шу аслидаям.

Мен ҳам китобхон эл қатори адибани ўқувчилигимдан таниганман. Анча аввал чиққан “Кечиккан бахт” асари ҳануз ёдимда. Узоқ йиллар фарзанд кутиб ва ниҳоят умидига етганида кеч бўлганини англаган аёл изтироблари... Бахт нима, кечикканлик нима эканлигини шу китобча орқали ҳис этган бўлсам, эҳтимол.

Насрий асарлар битиб, сўнгроқ назм яратишга ўтишнинг кейинги ижодга таъсири сезилиб туради. Шоира шеърларида ҳис-туйғулар, унинг кетидан келгувчи хулосалар конкретлик касб этади, шоиранинг қаҳрамони ташбеҳу туғёнлар, бадиий метафоралар, ҳашаматли иборалар гирдобида ўралиб қолиб кетмайди. Тарихийлик, фольклор унсурларидан фойдаланиш ҳам ўта меъёрида. Мен юксак тутган қадрият - шу.

Худди ўша тўғрилик, очиқлик, Ватанга чуқур муҳаббат билан ёзилган “Ватандошларга” шеърида шоира шундай ёзади:

Боболаринг маконлари

сенга суянч, тоғ бўлар.

Момоларинг пойи теккан

ерлар жаннат, боғ бўлар.

Ўзга юртда шоҳ эсанг-да,

шараф эмас, доғ бўлар.

Гар тупроғи кўзларингни

Ёпмаса, тушдир Ватан...

Шаҳодат Исахонованинг шундай шеърлари борки, бир роман учун бемалол сюжет бера олади. Мисол учун “таълим” радифли “Мувашшаҳ”ни олсак. Одатда мувашшаҳлар бирор сана юзасидан бирор шахсга табрик сифатида ёзилади лекин бу шеър ўта жиддий асар. Агар бу шеър кейинги йилларда битилган бўлса, мумтоз фалсафий, илгарироқ ёзилган (йили кўрсатилмаган) бўлса, башоратли фалсафий шеър деб аталган бўларди. Асардан оладиган ҳаётий хулосалар эса барчага бирдек тегади. Ҳеч ким “гардун”нинг “дори”дан қочиб қутула олмайди. Мазкур катта ҳаётга тегишли шеър мақоламизга сиғмайди, албатта, топиб ўқинг. Қойилона ёзилган.

Шоира Навоийнинг “Сен бўлсанг, мен бу жаҳонда мавжуд” деган сўзларини эпиграф қилиб “топдим мен сендан ўзимни” дея куйиб, мен, мухлиснинг рашкимни келтириб, дил изҳор этади. Мен эса шоирага мурожаат этаман: “у ҳам ўзини сизда топган, фақат улар – фош қилмайдилар”. У яна айтади: "Кел" дегин, мен келсам, шеър келар, асли... Дўзах ўтига кор илоҳий ишқ-ла... Илҳоминг париси Ҳур келар, асли...”. Худди шундай! Сиз муҳаббат-ла, сўнгги кўринмас жозибали ижод-ла ёниб-ёндириб келасиз.

Бу дунёда мардларгина намоён бўлмоқ бахтидан сурурланиб яшашни биладилар.

Муғанний, қўлингга олгил созингни,

Чорлагил, фидойи мард, жонбозингни!

Ноғоранг сасидан титрасин олам,

Кўрсатгил ёғийга кучинг, бозингни!

Борлигу йўқликнинг маъноси - Лазги!

Ҳаёту мамотнинг биноси - Лазги!  

“Лазги” ана шундай қудратга эга. “Лазги”дек гўзал шеърни яратган шарқли кўзини бу қадар юксак пардада тантанавор мадҳ этолмас. Инчунин, у Аёл бўлса... Аммо шоиранинг руҳи-кучи шу “Лазги” ортида намоён эмасми? Ахир, “Лазги”ни юксалтирган борлигу йўқликнинг маъноси, ҳаёт ва ўлимнинг биноси эмасми? Шу мадҳия-шеърдаям “лоп” этиб кўринган ҳаётингга, “хонумонингга ўт қўйганлар” қаршисига “олов, ялов” бўлиб мардона чиқиш лирик қаҳрамондан – шоира Шаҳодатдан! У мардлигини, кечинмаларини, алам-изтиробларини “Лазги”да  ва бошқа шеърларида жонлантириб ўтади. Унинг характери, шахси асарлари ортида “манаман”деб кўринади.

Шоира асарларидаги “фанонинг қонунин бузиб”, “ғолиба юрак” ташбеҳлари бежиз эмас. Шоира шахси ўзининг юксак эзгу ғоялари учун қотган жамият ақидаларига қарши бора оладиган фикрпараст ижодкор.

Шоиранинг лирик қаҳрамони андишали. Ҳатто шарқлик аёл - мунаққид сифатида мен ҳам. Нега лирик қаҳрамон эркли эмас? Чунки у шарқлик, у – “тутқун қуш”. У “ҳавони сипқориш илинжида”гина яшайди. Ҳатто лирик қаҳрамонимиз орзуга етганда ҳам тантана қилмайди, дабдабага берилмайди. Шунчаки, чироғинг ёндими, девона кўнглим?” дея лутф этади. Бу Аёл муҳаббати, хоҳиш-ҳиссиётлари учун талабларнинг гўзал ва шарқона қўйилиши.

 Бу кечинмалар Шаҳодат Исахонованинг “Зебунисо” шеърида  ёрқинроқ акс этган.  У – Зебунисо, муҳаббати учун ўз отаси томонидан уйида маҳбус этилган. Лирик қаҳрамон - шарқлик аёлнинг шахсий туйғулари юзинчи, мингинчи даражада. Инчунун, ўн еттинчи асрда! Шоиранинг Зебунисога бағишланган шеъри бутун Шарқ аёлларининг қисматини кўрсатишга қодир.  Ҳатто бугун ҳам худди ўтмишдагидек аёл қайсидир маънода ўз муҳити, шароитининг қули.

Аслида инсоният, жамият эрки аёлнинг эркин ва маърифий-илмий онгли эканида намоён бўлади. Аёл ҳуқуқи барча замонларда ҳам мукаммал кўзга ташланмаган. Аёлга муносабат инсониятнинг, жамиятнинг, қадимда шоҳларнинг ахлоқий тафаккурининг кўрсаткичидир (“Қудуқ билди "шох"ингни, Мен қамишдай най бўлдим”). Бобурий шоҳ Аврангзебнинг қизи Зебунисо ҳам ўз муҳаббати учун “товон тўлаган”, унинг севгилисини қатл этишган. Шоира момомизнинг қисматини чин қалбдан куйиниб, инсоннинг, аёлнинг кечинмаларини ижтимоий ўринга кўтариб, образли тарзда тасвирлайди:

Оҳ... Кездим ишқ бозорин,

Чекиб бор ғам, озорин.

Лек топмадим, ул ёрдек

Кўнглимнинг харидорин...

Давронингга ҳайф бўлдим,

Қисматимга шай бўлдим.

Қудуқ билди "шох"ингни,

Мен қамишдай най бўлдим...

“Зебунисо” шеъри якунида муҳаббат шаробининг абадий ва ҳаётий бор эканлигига урғу берилади:

Умр асли неча йил?

Мен учун бир кеча йил,

Оғунгни бер, Шаҳодат,

Шаробинг деб ичайин...

Биласизми, нега Вильям Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта”си, Чингиз Айтматовнинг “Жамила”си жаҳон адабиёти дурдоналари ҳисобланади. Чунки булар ўз даврининг жаҳолатига ўт қўйган, инсониятни жарга қулашдан ҳушёр бўлишга чақирган, инсон юраги, аёл кўнглининг жавҳари - муҳаббатга интилиш олий идеал эканлигига даъват этган маёқ асарлардир. Шундай дурдоналар Шаҳодат Исахонова ижодида ҳам топилади ва умид этамизки, яна битилади. Фақат бу шеъриятнинг моҳиятида самимият, очиқлик, аёл қалби жозибасини ошкор айлаш, муҳаббатнинг абадийлигини, инсоннинг соҳир ва соф туйғулари мавжудлигини англаган ўқувчи баҳраманд бўлишга қодир.

Рақамлаштириш ва сунъий идрок қадриятга айлантирилаётган яқин ўн йилликларда бу ёруғ ва ноёб юрак ҳиссиётлари ва уларни самимий ёритиб бера олиш ҳам топиб бўлмас воқеликка айланади.

Гулшан Раҳим,

филология фанлари номзоди.