Собиқ куёв маст ҳолда қайнонасини ўлдириб қўйди
19 апрель куни Паст Дарғом туманида яшовчи А.Б. маст ҳолатда собиқ турмуш ўртоғи Ш.Р.нинг Самарқанд тумани “Қайнама” маҳалласидаги уйига фарзандини кўришга келган пайтда қайнонаси А.Г. уни фарзанди билан учрашишга қаршилик қилади. Оқибатда орада ўзаро жанжал юзага келади ва А.Б. қўлидаги ўроқ билан марҳуманинг кўкрак ва бел соҳаларига қасддан уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳати етказади. Кўп қон йўқотган А.Г. ҳодиса жойида ҳалок бўлади.
Маълумотларга кўра, марҳуманинг ўлими кўкрак ва бел соҳасига ўн икки маротаба тешиб ўтувчи санчилган-кесилган жойдан ўткир қон йўқотишидан келиб чиққан.
Воқеа содир бўлган куни бу ерга вилоят прокурори Р.Машарипов, вилоят прокурори биринчи ўринбосари Х.Қобулов, Самарқанд тумани прокурори Ж.Санаев, туман ИИБ бошлиғи А.Тошев ҳамда бошқа тезкор-тергов гуруҳи аъзолари етиб борди. Ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари тезкорлик билан ўрганилди.
Самарқанд тумани прокурори томонидан фуқаро А.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, у Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди. Ҳозирда жиноят иши бўйича Самарқанд тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят иши тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинди.
Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати.