Собиқ талаба ўзи таҳсил олган олийгоҳга 7 миллион сўмлик китоб совға қилди

Самарқанд давлат университетининг собиқ талабаси, 1977-1982 йилларда механика-математика факультетида таҳсил олган пастдарғомлик тадбиркор Бахтиёр Эргашев СамДУнинг 600 йиллик тўйига 150 нусха уч жилдлик “Математик анализ” дарслигини совға қилди.

- Президентимизнинг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўқиб, жуда қувондим, - дейди Б.Эргашев. – Чунки математикани билмай туриб, бошқа фанларни ўзлаштириб бўлмайди. Дунёқарашнинг кенгайиши, фикрлашнинг ривожланиши, тўғри қарорлар қабул қилишда, вазиятни тўғри баҳолашда ҳар бир киши учун математиканинг ўрни беқиёс. Университетнинг математика факультетида ишлайдиган курсдошларим билан бўлган бир суҳбатда талабалар учун математика бўйича замонавий дарсликларга эҳтиёж борлигини билиб қолдим. “Демак, талабаларга китоблар совға қилиш керак”, деган қарорга келдим ва шу эзгу ишга қўл урдим.

Умумий қиймати 7 миллион сўм бўлган янги дарсликлар талабалар учун муносиб совға бўлди.