Соғлиқни сақлаш тизимидаги вакант лавозимларга очиқ танловлар ўтказилди
Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали томонидан Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) бўлимларида мавжуд 18 та вакант лавозимларига очиқ мустақил танловнинг 2-босқичи ўтказилди.
Танловнинг 1-босқичида жорий йилнинг 6 сентябридан 15 сентябрига қадар 10 кун муддатда вилоят бўйича жами 170 нафар номзоддан vacancy.argos.uz портали орқали ҳужжатлар қабул қилинди. 5 кунлик муддатда юборилган ҳужжатларининг малака талабига мослиги ўрганиб чиқилиб, 142 нафар номзодлар танловнинг кейинги босқичига ўтказилди. Малака талабига мос номзодлар сонига вакант иш ўринлари нисбати ҳисобланганда битта ўринга 8 нафардан даъвогар номзодлар тўғри келмоқда. Ҳудудлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, энг кўп Каттақўрғон шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими мудири лавозимига 14 нафар номзод ҳужжат топширган.
Танловнинг 2-босқичида 120 нафардан зиёд номзод test.argos.uz платформаси орқали “Соғлиқни сақлаш” тизимига оид тузилган тестларни бажардилар. Тест натижаларига кўра номзодлар орасида тўпланган энг юқори балл 87,5 фоизни ташкил этган бўлса, энг паст кўрсаткич 17,5 фоизни кўрсатиб, ушбу кўрсаткич номзодларнинг танловнинг тест босқичига етарли даражада тайёр бўлмасдан келганлигидан далолат беради. Тест жараёнлари узлуксиз равишда you.tube канали орқали тўғридан-тўғри узатилиб, синовларнинг адолатли ва шаффоф, ҳеч кимнинг аралашувисиз ўтиши таъминланди.
Танлов якунларига кўра тест синовларида етарлича балл тўплай олган 75 нафар номзод очиқ мустақил танловнинг 3-босқичи суҳбат босқичига ўтказилди. Суҳбат босқичи Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган махсус суҳбат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ўтказилиши режалаштирилган. Тест синовлари натижаси ҳамда суҳбат ўтказилиш муддати тўғрисидаги хабар vacancy.argos.uz порталидаги ҳар бир номзоднинг шахсий кабинетига юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали.