“Сўз билан тирикман, нафасим ҳам сўз”

Самарқанд вилояти педагогик маҳорат марказида иқтидорли шоир Бобоқанд Мирзонинг “Кўргулик” деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Таъкидлаш керакки, Бобоқанд Умаров (Бобоқанд Мирзо) Навоий вилоятининг Хатирчи туманидан. Журналист. Ҳозирда Навоий вилоятининг бош нашри – “Дўстлик байроғи” газетаси бош муҳаррири. Аслида ҳақиқий ижодкор қайноқ жараёнлар маркази бўлган таҳририятларда етишиб чиқади. 45 ёшли ижодкор чорак асрлик фаолияти давомида Навбаҳор тумани газетаси мухбири, сўнгра муҳаррири, Навоий вилояти телерадиокомпанияси бош муҳаррири ўринбосари ва “Дўстлик байроғи” газетаси таҳририятларида ишлаганки, бу фаол иши ижод майдонида ўз ўрнини топишида катта туртки берган.
“Кўргулик” – муаллифнинг учинчи китоби. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, шоира Хосият Бобомуродова, Журналистлар уюшмаси Навоий ва Самарқанд вилоят бўлимлари раҳбарлари Отабек Асланов ва Акрам Ҳайдаров иштирок этган тақдимотда китобнинг нега шундай номлангани ҳақида савол берилди.
- Ўзбек тилининг изоҳли луғатида кўргулик сўзи эрк-ихтиёрдан ташқари ҳолда киши ҳаётида юз берган кўнгилсиз воқеа, ҳодиса, ҳолат, шунингдек, пешонага ёзилган тақдир, қисмат каби маъноларда қўлланилиши ёзилган, - дейди муаллиф Бобоқанд Мирзо. - Биз яшаб турган олам турли сир-синоатларга тўла. Уни билиш, англаб етиш учун бир инсон умри камлик қилади. Лекин одамзод уни тушунишга интилаверади. Шу маънода китобни ана шундай номладим.
Дарҳақиқат, Бобоқанд Мирзо бундан мосуво эмас. Унинг шеърларида ижодкор кўнгил кечинмаларининг ёрқин суратлари, қувончу оғриқлари, умидлари акс этган. Шеърларининг мавзу кўлами, шаклий ва услубий ўзига хослиги китобхонни мулоҳазага чорлайди. Шеърларни ўқиб, бевосита ҳар бир сатрнинг асирига айланасиз. У билан хаёллар оғушига ғарқ бўласиз. Тасаввурлар эса кўз олдингизда гавдаланаверади.
Дарвоқе, китоб шоирнинг онаси Мукаррам ая Умарованинг хотирасига бағишланган, тўпламга Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим сўзбоши ёзган. Унда Усмон Азим “Ижодкор сўзни авайлайди, қадрлайди. Бобоқанднинг “Сўз билан тирикман, нафасим ҳам сўз...”, деб ёзгани бежиз эмас, дея эътироф этади.
Учрашувда китобнинг бугунги ўқувчига қадр-қиммати ҳақида сўз юритилди, Бобоқанд Мирзо ўз ижод намуналаридан ўқиб берди.
Ижодкор тадбир иштирокчиларига 100 нусхага яқин китобини текин тақдим этди. Шунингдек, вилоят педагогик маҳорат марказида ташкил этилган "Очиқ кутубхона"га ўз муаллифлигидаги китобларни совға қилди.