“Сўзни жаҳон бағрида дурдона бил”

Она тили мамлакатнинг ғурури, ифтихори ҳисобланади. Миллатнинг маданияти, маънавияти, зиёлилик даражаси она тилига муносабатда ҳам аниқ кўринади. Бу борада буюк мутафаккир ва шоир, давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий она тилининг ниҳоятда бой, гўзал, такрорланмас тил сифатидаги имкониятларини ўзининг шоҳ асарлари орқали исботлаб берган.
Масалан, «Хазойин ул-маоний», “Хамса”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, «Маҳбуб ул-қулуб» каби шоҳ асарлари она тилимиздан моҳирона фойдаланишнинг ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтайди.
Алишер Навоий сўзнинг қудрати ҳақида тўхталиб, у инсон учун зарур қурол ва манба эканлигини баён этади. Масалан:
Донау дур сўзини афсона бил,
Сўзни жаҳон бағрида дурдона бил.
Ёки:
Сўз қотиғи эл кўнглига озор айлар,
Юмшоғи кўнгилларни гирифтор айлар.
Она тилимизнинг бойлиги, қудратини юксак баҳолаган шоир «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида унинг фазилатларини ниҳоятда чиройли тасвирлаб беради. Тилимиздаги сўзларни юлдузларга ўхшатиш билан уларнинг ниҳоятда кўплиги, хилма-хиллиги ва бир-бирига ўхшамаслигини акс эттиради.
Сир эмас, ҳар қандай киши сўзлашдан олдин сўзларни танлайди, уларни саралаб, зарурини, маъқулини ишлатади. Ҳар бир сўзни ишлатганда ҳам бошқаларга озор етказмасдан, маъносини ҳисобга олиб қўллайди. Сўзлар инсоннинг энг нозик туйғуларини ифодалаш билан бирга кишининг ҳиссиётига катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун сўзнинг қудратидан бошқаларга озор бериш учун эмас, уларни руҳлантириш учун моҳирона фойдаланиш зарур. Бу ҳақда сўз юритганда Навоийнинг «Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз», деган сўзлари замирида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам. Ҳазрат Алишер Навоий фикрларининг бугунги кун учун аҳамияти она тилимизга янада эътиборли бўлишга ундайди.
Буюк бобомиз Навоий мероси ўзига хос ижод, маҳорат булоғидир. Бу булоқдан маҳорат билан фойдаланиш, унинг гўзаллигини ёзма ва оғзаки нутқимизда намоён эта олиш, бой имкониятларини юзага чиқариш, нутқ маданиятига эътибор бериш асосий вазифалардандир. Демак, ҳар биримиз тил маънавияти ва нутқ маданиятини эгаллаш, саводхон, маҳоратли ва нотиқ бўлиш, таъсирчан ёзиш ва гапира олиш учун Алишер Навоий меросини чуқур ўрганишимиз зарур. Баркамол авлод тарбиясида ҳам энг муҳим манбалардан бири Ҳазрат Навоий меросидир. Зеро, давлат тили ҳақидаги қонуннинг талаби ҳам шу – ўзбек тилининг мавқеини янада кўтариш билан унинг ҳам юртимизда, ҳам дунё миқёсидаги обрў-эътиборини янада юксакликка олиб чиқиш, аждодлар анъанасига содиқ қолиб, унинг гўзаллигини кенг намойиш қилиш, бойитиб бориш, юқори нутқ маданияти ва маҳоратига эришишдир.
Акбар АБДУСАИДОВ,
Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари Оқдарё тумани Кенгаши депутати.