Сўзни ўйнатганга қойил!

Шарқ шеъриятининг бобокалонларидан бири Ҳофиз Шерозий ниҳоятда доно, ҳозиржавоб, файласуф шоирлардан бўлган. Унинг ғазаллари тилдан тилга ўтиб, халқ ўртасида яшин тезлигида тарқалган.

Меҳнаткаш инсон-ку, ширин каломга муҳтож, аммо ўша даврдаги феодал муҳит улуғ Ҳофизнинг шуҳратини кўра олармиди. Дин арбоблари, саройга яқин шахслар нима бўлса ҳам шоирнинг довруғига путур етказишга тиш-тирноқлари билан интилишарди.

Яқинда Бокуда бўлганимда шарқшунос олимлар гуруҳига тушиб қолдим. Дастурхон устида шеърхонлик бошланиб кетди. Озарбайжон дўстим – журналист ва адабиётшунос Наримон Ҳусайнализода Навоий, Бобир, Бедил, Саъдий, Ҳофиз, Низомий ва Фузулий ғазалларини ёддан шу қадар мароқ билан ўқирдики, унинг маҳорати, шеърни чиройли айтиши мени мафтун этди. У форс, тожик, озарбайжон, ўзбек тилларида шеърхонлик қила оларди.

Шунда Наримон афсонанамо қизиқ бир гапни айтиб қолди. Ҳикоя қилинишича, Ҳофиз Шерозийнинг машҳур ғазаллари қаторида унинг:

Агар он турки Шерозий ба даст орад дили моро,

Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро,

деган мисралари ҳам омма орасига тез тарқалиб кетган. Шунда сарой шоирлари тил бириктириб, ўша даврнинг ҳокими Темурга иғво қилишган. «Сизнинг мулкингиз бўлмиш ажойиб шаҳарларни бу бемаъни шоир аллақандай қизнинг бир дона холига ўзбошимчалик билан ҳадя қилмоқчи» дейишган.

Ҳоким ҳокимлигини қилади-да. Темур ғазабланиб, Ҳофиз Шерозийни қаттиқ жазоламоқчи бўлади ва ўз ҳузурига чақиртиради. Дарғазаб шоҳнинг сўзларини бепарволик билан тинглаган шоир унга хотиржам руҳда жавоб беради: «Эй, ер юзининг султони! Сизга менинг мисраларимни нотўғри тушунтиришибди, бу гапни етказганлар шеър нималигини торож қилишга жазм этсам. Аслида ҳалиги икки мисра қуйидагича тўқилган:

Агар он турки Шерозий ба даст орад дили моро,

Ба холи ҳиндуяш бахшам ду сар қанду ду хурморо.

Шундай қилиб, шоир донолигича қолган. Бизнинг давримизда ҳам машҳур ва манзур бўлган икки классик мисранинг тарихига оид ривоятлардан бири шундай.

Аҳмаджон МУХТОРОВ.

"Ленин йўли" (ҳозирги "Зарафшон") газетаси,

1971 йил, 14 май.