“Спарк” капотида ЙПХ ходими билан ҳаракатни давом эттирган ҳайдовчи жазоланди

Кеча, 8 январь куни соат тахминан 11:15 лар чамасида Марғилон шаҳар Мустақиллик кўчасида хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ батальони биринчи отряди учинчи сафарбар гуруҳи инспектори, сафдор А.Кенжаев светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб келаётган 40F 292FA давлат рақам белгили “Спарк” русумли автомобилни жезел ёрдамида тўхтатган. Бироқ ҳайдовчи сафдор А.Кенжаевнинг қонуний талабига бўйсунмай, ҳаракатни давом этирган.

Шундан сўнг сафдор А.Кенжаев радио алоқа воситаси орқали Марғилон шаҳар марказида хизмат олиб бораётган ИИБ ЙҲХБ ЙПХ батальони биринчи отряди учинчи сафарбар гуруҳи инспектори, сафдор Н.Камоловга “Спарк” русумли автомобил тўхтамай ҳаракатланиб бораётганлигини етказади. Сафдор Н.Камолов Марғилон шаҳар марказида “Спарк” русумли автомобиль ҳайдовчисига жезел ёрдамида тўхташ ишорасини берган вақтида ҳайдовчи сафдорнинг қонуний талабига бўйсунмай, ҳаракатни давом эттиради. Натижада сафдор Н.Камолов автомобилнинг олд қисмига чиқиб қолади ва ҳайдовчи шу ҳолатда Марғилон шаҳар Оқмасжид чорраҳасига қадар ҳаракатланиб боради. Ушбу чорраҳадаги светофор олдида сафдор Н.Камолов “Спарк” автомобилидан тушиб қолади.

Шундан сўнг ҳайдовчи ҳаракатни давом эттириб, Марғилон шаҳар, Машат кўчасидаги 7-умумтаълим мактаби олдидаги электр симёғочга бориб урилиб, автомобилни тўхтатади.

Ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилганда 40F 292FA давлат рақам белгили “Спарк” русумли автомобиль ҳайдовчиси М.Мда ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ишончномаси мавжуд эмаслиги сабабли ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмаганлиги аниқланди.

Тўпланган ҳужжатлар 2020 йил 8 январь куни Марғилон шаҳар маъмурий судига тақдим қилинди ва 40F 292FA давлат рақам белгили “Спарк” русумли автомобиль ҳайдовчиси Марғилон шаҳар, Абдулла Қодирий кўчаси, 35-уйда яшовчи, 1999 йилда туғилган М.М.га Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 ва 194-моддаларига асосан 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, дея хабар берди Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати.