Спорт мактаби тарбияланувчилари "самосуд" уюштирди

Ижтимоий тармоқларда "Сурхондарёда бир гуруҳ спорт мактаби тарбияланувчилари “самосуд” уюштириб, катта жанжал келтириб чиқарди" номи остида тарқалган видеога расмий муносабат билдирилди.

Тергов жараёнида аниқланишича, 2020 йилнинг 3 ноябрь куни спорт мактаби директори 31 ёшли Бекзод Д. ва 25 ёшли Жахонгир А.лар орасида келиб чиққан жанжал натижасида мактаб директорига тан жароҳати етказилган.

Эртаси куни соат 16:30 да Шўрчи туманида яшовчи 37 ёшли Шуҳрат Э. ўзининг мураббийи бўлган спорт мактаб директори Бекзод Д.га етказилган тан жароҳати учун ўч олиш мақсадида ўзининг танишлари - 28 ёшли Абдувосит А., 26 ёшли Жасурбек А., 28 ёшли Баходир Д., 31 ёшли Жаҳонгир У., 25 ёшли Ойбек П., Азизбек Қ., 29 ёшли Азамат Ҳ., 29 ёшли Сундарбек Х.лар билан биргаликда Шўрчи тумани Бобур маҳалласида жойлашган ошхонада чой ичиб ўтирган, 25 ёшли Жаҳонгир А. ва унинг ўртоқлари 24 ёшли Хуршид А. ҳамда 26 ёшли Равшан Н.ларнинг ёнига бориб, ўзлари билан олиб келган бита ҳамда қўлларига тушган стул ва бошқа жисмлар билан 25 ёшли Жаҳонгир А.ни урган вақтида унинг ёнида ўтирган 26 ёшли Равшан Н. ва 24 ёшли Хуршид А.лар безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўриб, ажратмоқчи бўлганлиги сабабли уларни ҳам уриб дўппослаб, тан жароҳати етказган ҳолда безорилик жиноятини содир этишган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида фуқаро Жаҳонгир А. ва Хуршид А.ларга "енгил" тан жароҳати етказилганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 5 ноябрда Шўрчи тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро Шуҳрат Э. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б,в» ва 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида 28 ёшли Абдувосит А., 26 ёшли Жасурбек А., 28 ёшли Баҳодир Д., 31 ёшли Жаҳонгир У., 25 ёшли Ойбек П., Азизбек Қ., 29 ёшли Азамат Ҳ., 29 ёшли Сундарбек Х. ва 37 ёшли Шуҳрат Э.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан айблов эълон қилиниб, ҳар бирига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қайд этилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Тергов якунига кўра, юқоридаги ҳолатда иштирок этган ҳар бир шахснинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши таъминланади.