Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Спорт мусобақаларида самарқандликлар ҳам етакчи

Дзюдо

Тошкент шаҳридаги “Ҳумо арена”да дзюдо бўйича “Катта дубулға” мусобақаси ўтказилди.

Беллашувда самарқандлик Давлат Бобонов фаолиятида иккинчи бор “Катта дубулға” мусобақаларининг кумуш медалига сазовор бўлди ва ўз ҳисобига Токио Олимпиадаси рейтинги учун 700 очко қўшиб қўйди.

Шунингдек, ака-ука Сардор ва Кемрон Нуруллаев ҳам ўз вазн тоифасида куч синашиб бронза медалига сазовор бўлди.

***

Қўл жанги

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қўл жанги федерацияси томонидан Термиз шаҳрида қўл жанги бўйича “Ўзбекистон чемпионати-2021” мусобақаси бўлиб ўтди.

Унда 14-15 ёшдаги ўғил болалар, +18-21 ёшгача бўлган ўғил болалар ва қизлар беллашди. Якунда вилоятимиз спортчилари 9 та бронза медалига сазовор бўлди.

***

Бадиий гимнастика

Самарқанд шаҳар 2-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўқувчи-қизлари ўртасида бадиий гимнастика бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди.

Мусобақада шаҳар ва туманлардан келган 200 нафардан ортиқ ўқувчи-қизлар ўз маҳоратларини намойиш этиб ғолиблик учун баҳс олиб борди. Беллашув якунида 20 нафарга яқин энг маҳоратли қизлар саралаб олинди.

***

“Аёллар спартакиадаси”

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ишчи-ходимлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар ўртасида анъанавий вилоят “Аёллар спартакиада”си бўлиб ўтди.

Унда иштирокчилар спортнинг волейбол, стритбол, стол тенниси, шахмат, шашка, енгил атлетика ва дартс спорт турлари бўйича ўзаро беллашди.

Шунингдек, мусобақа давомида кўп йиллардан буён спорт соҳасида хизмат қилиб келаётган самарқандлик 6 нафар спорт фахрийси - Хушвақт Кафиев, Толиб Назаров, Елена Лаптева, Баҳодир Рашидов, Ҳамроқул Рафиев ва Абдуғани Юнусовларга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони топширилди.

***

Стол тенниси

"Спортни сев, спорт билан яша!" шиори остидаги фестиваль доирасида Булунғур, Жомбой, Иштихон туманида стол тенниси бўйича спорт мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақада умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда аҳоли вакиллари, маҳалла фаоллари қамраб олинди.

***

Самбо

Самарқанд шаҳрида 15 ёшдан 20 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида самбо бўйича вилоят чемпионати ўтказилди.

Мусобақада 230 нафардан ортиқ самбочилар 24 вазнда беллашди. Муросасиз кечган баҳс якунига кўра, энг кўп медалга Тойлоқ олимпия захиралари коллежи спортчилари эга чиқди. Медал жамғариш бўйича иккинчи ўринга Самарқанд шаҳридаги спорт якка курашлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари сазовор бўлди. Учинчи ўрин Самарқанд олимпия захиралари коллежи самбочиларига насиб этди.

Ҳусан Элтоев,

Ғайрат Тоғаев.