«Спутник V» нега Самарқандга келтирилмади?
Вилоятда айни кунларда 60 мингга яқин аҳоли вакцинациядан ўтди. Хабарингиз бор, аҳоли Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Aztra Zeneca” вакцинаси ва Хитой билан Ўзбекистон олимлари ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган "ZF-UZ-VAC2001" вакцинаси билан эмланмоқда.
Оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизга «Спутник V» вакцинаси келтирилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Ушбу вакцинадан Самарқанд аҳолисига ҳам ажратиладими? Бу ҳақда вилоят санитария санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси вакили Шоира Халиловага мурожаат қилдик.
- «Спутник V» вакцинасини сақлаш тартиби вилоятлардаги мавжуд шарт-шароитларга тўғри келмайди, - дейди Ш.Халилова. – Бугунги кунда вилоятдаги бирламчи тиббиёт муассасаларида вакцина сақловчи, уни ташувчи сумкалар -2, -8 даражадаги ҳароратни ташкил қилади. «Спутник V» вакцинаси эса -20 даража ҳароратда сақланиши керак ва унинг эриши учун ҳам маълум шароитлар талаб этилади. Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси омборхонасидагина бундай шароит бор. Аммо вакцина амалга оширилаётган поликлиникаларда бу каби музлаткичлар йўқ. Шунинг учун мазкур вакциналар ҳозирча вилоятга келтирилгани йўқ.