Ҳалиям вакцинага ишонмаётганлар учун…

Телеграм каналимизда «Аҳолининг коронавирусга қарши эмланиши мажбурий тарзда амалга ошишига қандай муносабатдасиз?», деган савол билан ўқувчиларимизга мурожаат қилган эдик.

Иштирокчиларнинг катта қисми, яъни 41 фоизи «Эмлаш ихтиёрий бўлиши керак», деган жавобда тўхталган.

«Мажбурий эмланиш тўғри, деб ҳисоблайман» жавобида тўхталганлар 35 фоизни ташкил қилади. 19 фоиз иштирокчи эса «Бу мавжуд эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиши керак» жавобини маъқул кўрган бўлса, 5 фоизи «билмадим», деб қўя қолишган.

Статистик маълумотлардан ташқари ижтимоий тармоқларда ҳар куни коронавирусдан вафот этаётган, нафақат ёши улуғ, балки ҳали навқирон ёшларнинг ҳам борлиги киши қалбини ларзага солади. Эҳтимол, ажал, деймиз ёки ер юзига келган бало, деб куюниб қўямиз. Аммо ўзини эҳтиёт қилмаслик, берилган имкониятдан фойдаланмаслик ҳам шундай ҳолатларнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлмаяптимикан? Афсуски, юқоридаги сўров натижаларини кўриб, барибир савол қаршисида қолавердим. Одамларнинг кўп қисми ҳамон вакцинани мажбурлаш шарт эмас, дейишмоқда, демакки вакцинага ишонмаётир. Ваҳоланки, яқинда ўқидим, COVID-19 га чалинаётганларнинг 98 фоизи вакцина олмаганлар экан.

Тўғри, нафақат бизда, балки дунё миқёсида вакцина олаётганлар орасида ҳам касаллик учраяпти, аммо у нисбатан енгил ўтаётганини кузатяпмиз. Тўғриси, ўз оиламизда юз берган оғир жудолик туфайли одамларнинг ҳалиям вакцинага ишончсизлигини эшитсам, кўнглимдаги армонларим яна отилиб чиқяпти.

Мана, бир неча кундирки, кўнглимдан, ич-ичимдан ҳайқириқ келади: эҳтимол, дадамни вакцина олишга кўндирганимда ҳозир ҳаёт бўлармиди? Нега вакцина олиш вақти келганда, ўзим биринчилардан бўлиб югуриб бордим, бу ҳақда мақолалар ёздим, одамларни вакцина олишга ундадиму, дадамга қолганда «вакцина олинг», дедим-у қўйдим. Дадамнинг «ишларимни тугатиб олай, кейин олармиз, қизим» деган гапига индамай қўя қолдим. Нега шундай қилдим ахир?!

Кўпчилик ўлим ҳолати касалликни ҳаддан ортиқ ўтказиб юборганда, деб ўйлар. Атрофимдагиларнинг фикрини эшитиб, шундай хулосага келяпман. Оғирлашиб қолгунга қадар, тегишли даво муолажаларини олмаслик сабабдир, менда ҳаммаси яхши, дея ўзини тинчлантираётгандир. Йўқ,  ундай эмас экан…

Дадам  бир неча кун коронавирусдан даволаниб келаётган эдилар. Аммо ўзини яхши ҳис қилаётган, фақат йўталдан бошқа симптомлар йўқ эди. Ўзини одатий, биз биладиган грипп бўлгандаги ҳолатдан ҳам енгилроқ ҳис қилаётганди. Аммо шундай бўлишига қарамай, даво чоралари кўрилди. Антибиотик, қон суюлтирувчи, иштаҳа очувчи ва ҳоказо, хуллас, бугун COVID-19 хасталигида амалга оширилаётган барча эмлар амалга оширилди. Шифохонадан ўзини яхши ҳис қилиб чиққач уйга келди. Орадан бир кунгина вақт ўтди, бир кун… Бирдан нафас олишда муаммо пайдо бўлди, ҳансираш, чуқур-чуқур нафас олиш. Дарҳол кислород аппарати олиб келдик. Аммо бир неча соатдан кейин унинг ҳам фойдаси бўлмади. Тез ёрдам чақиртириб, шу заҳотиёқ даволаш ва тақсимлаш марказига олиб бордик. Нафас олиши яхшиланди, аммо аҳволи кескин оғирлашди. Уйга олиб кетишимизни сўради. Аввалига кўнмадик, аммо талаб қилдилар, қолаверса, қариндош шифокорларимиз даволашга ҳамда уйда кислород билан боғлиқ шароитни қилиб беришга рози бўлгач, майли дедик.   Уйга олиб келгунимизча аҳволи яна оғирлашди, 60 кубометрли баллондаги кислород бор-йўғи 3 соатга ета бошлади. Бундай кислород биз билган, бугун дорихоналарда сотилаётган қурилмалардан фарқлироқ. Дадамнинг нафас олишига қараш азоб эди. Аммо чидам билан ётдилар, муолажаларни олдилар. Аҳволида сезиларли яхши ўзгариш пайдо бўла бошлади. Шифокор қариндошларимиз қарийб ухламай аҳволидан бохабар бўлиб туришди. Ҳар соат, дақиқадаги аҳволи ўрганилиб турди. Қон босимидан тортиб, зарур бўлган барча қон таҳлиллари амалга оширилди.  Аммо… уйда даволанаётганида орадан ўн кун ўтгач… бизни ташлаб кетди.

Буларни ёзаётганим сабаби, касаллик кутилмаганда, соатлар ичида авж олиши, ўзини яхши ҳис қилаётган бир пайтда ҳаво етмай қолиши мумкин экан. Ваҳоланки, дадам ҳали илк симптомлар, озгина йўтал бошланганданоқ муолажани олгандилар. Дадам ҳаётсевар инсон эдилар, то охиригача касаллик билан курашдилар, кучли босимдаги кислороддан нафас олишга бир неча кун чидадилар.

Вакцина олганларида бундай бўлмасмиди, дейман ҳамон ич-ичимдаги оғриқлар билан. Яқинда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланганини ўқиб, бир дардим икки ҳисса ортди. Вакцина олиш мажбурийлиги эртароқ амалга ошганда, дадам вакцина олган бўлармидилар.

Тўғри, пушаймонлардан, изтироблардан фойда йўқ. Аммо бугун ушбу қонун имзолангач, унга кулги билан қараётганлар, ижтимоий тармоқларда «фақат бизнинг давлатда бу каби мажбурлаш бўлади» деган гапларни ёзаётганларни кўрганимда жаҳлим чиқади. 

Ҳатто Америка, Исроил каби медицинаси ривожланган давлатларда ҳам вакцина олмаганлар иш тополмаган, корхона ходими вакцина олмаса ишдан четлаштирилган бир пайтда бизнинг вакцинага шубҳа билан қарашимиз дунёқарашимизу, соғлиғимизга нечоғлик муносабатимиздан дарак бўлса керак.

Гулруҳ Мўминова.