ССВ: Дунёда коронавируснинг янги варианти тарқалмоқда

Бир қатор давлатларда коронавируснинг янги FLiRT вариантлари, жумладан, вируснинг KP.2, KP.1.1, KS.1 турлари билан касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Уларнинг барчаси аввалги турларга қараганда хавфсизроқ экани айтилмоқда, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Янги тур генетик коддаги мутациялар номлари шарафига FLiRT деб аталган. FLiRT Омикрон оиласига тегишли бўлиб, дастлабки маълумотларга кўра, бутун дунёда доминантга айланиши мумкин. FLiRT вариантларининг белгилари омикронникига ўхшайди: иситма, йўтал, томоқ, бош ва мушак оғриқлари, ҳолсизлик, таъм ёки ҳид билмаслик.

FLiRT вариантининг тарқалиши туфайли АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) бу йилги ёзда Америкада коронавирус ҳолатлари кўпайишини тахмин қилмоқда. CDC маълумотларига кўра, март ойининг бошидан бери FLiRTнинг Қўшма Штатлардаги жами коронавирус ҳолатларидаги улуши 11 май ҳолатига кўра 3,8 фоиздан 28,2 фоизгача кўтарилган.

Буюк Британияда бу вариантлар 15 май ҳолатига кўра, барча ҳолатларнинг 21 фоизини ташкил қилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, FLiRT 14 та Европа давлатида ва Исроилда аниқланган.