Сунъий йўл тўсиқлари: Хавфсизлик ортидаги яширин зарар

Кейинги йилларда айрим кўчаларда сунъий йўл тўсиқлари ўрнатилганига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Тўғри, бу йўл тўсиқлари хавфсизлик чораси сифатида қабул қилинади, аммо уларнинг экологик ва шаҳар муҳитига зарари кўпчиликка маълум эмас.

Аслида пиёдаларни ҳимоя қилиш мақсадида ўрнатилган бундай тўсиқлар шаҳарларда ҳаёт сифатини пасайтиради, тирбандликни кучайтиради ва атроф-муҳитга жиддий зарар келтиради.

Келинг, буни кўриб чиқайлик. Сунъий йўл тўсиқларининг асосий экологик муаммоси автомобилларни мажбурий равишда секинлаштириш ва тезлаштиришга олиб келишида. Ҳар бир тўхташдан кейинги қайта тезлаштириш ёқилғи сарфининг ортишига сабаб бўлади. Бу эса карбонад ангидрид, азот оксидлари, углеводородлар ҳамда PM2.5 ва PM10 каби майда қаттиқ зарраларнинг кўпайишига олиб келади. Илмий таҳлиллар шуни кўрсатадики, йўл тўсиқлари кўп бўлган участкаларда ҳавога чиқадиган зарарли моддалар барқарор тезликда ҳаракатланадиган жойларга нисбатан 60–90 фоизга кўпроқ.

Йирик шаҳарларда бу ҳолат янада кескин намоён бўлади. Масалан, Самарқандда рўйхатдан ўтган машиналар сони 500 мингдан ошган бўлса, ҳар куни яна 400–500 минг автомобиль транзит тарзда шаҳар орқали ўтади. Тошкентда эса 800 мингдан зиёд автомобилга ҳар куни 300–400 минг машина қўшилади. Йўл тармоғи бундай юкламага аллақачон дош бериб келаётган шароитда, сунъий йўл тўсиқлари ҳаракатни янада секинлаштириб, тирбандлик ва экологик босимни кучайтиради.

Сир эмас, ёқилғи сарфи ташувчилар учун ҳам, атроф-муҳит учун ҳам асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Масалан, барқарор 70 км/соат тезликда ҳаракатланаётган машина 100 километр йўлга 10 литр ёқилғи сарфласа, сунъий тўсиқлар билан тўлган йўлларда бу миқдор бир неча баробар ортиб кетади. Оддий шароитда 50 литр ёқилғи билан 500 километр юра оладиган автомобиль тўсиқлар кўп бўлган катта маҳаллада 300 километр ҳам босиб ўтолмаслиги мумкин. Демак, йўл вақти узаяди, ҳаракат самарадорлиги пасаяди ва ёқилғи сарфи деярли икки баробаргача кўпайиши мумкин.

Бензинда ишлайдиган автомобиллар ҳавога 78 фоиз, дизел 20 фоиз, метан 22 фоиз, пропан-бутан 57 фоиз чиқинди чиқариши ҳисобга олинса, ёқилғининг кўп сарфланиши чиқиндиларнинг тўғридан-тўғри кўпайиши экани яққол намоён бўлади. Сунъий тўсиқлар эса айнан шу ортиқча сарфнинг асосий сабабларидан бирига айланади.

Бундан ташқари, йўл тўсиқлари автомобилнинг механик қисмларига ҳам жиддий зарар етказади. Руль тизими, амортизаторлар, тормозлар ва шиналар мажбурий равишда кўпроқ юклама олади, сифатсиз ва нотўғри ўрнатилган тўсиқлар эса машинанинг тез эскиришига сабаб бўлади. Автоқисмларнинг тез-тез алмаштирилиши эса яна бир экологик муаммони келтириб чиқаради — уларни ишлаб чиқариш ва утилизация қилиш катта энергия ва ресурс талаб қилади.

Сунъий йўл тўсиқларининг яна бир жиддий оқибати — махсус хизмат машиналарининг ҳаракатига халал бериши. Шошилинч ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ёки тезкор хизматлар ҳар бир тўсиқда қимматли дақиқаларни йўқотади. Бу эса инсон ҳаётига дахл қиладиган вазиятларда ўта салбий натижаларга олиб келиши мумкин.

Юқоридаги муаммоларни инобатга олган ҳолда, тегишли идораларга бир неча маротаба таклиф ва мурожаатлар юборилган. Натижада ноқонуний ўрнатилган тўсиқларни олиб ташлаш ва йўл қопламасини текислаш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Бухоро ва Навоийда бу ишлар амалга оширила бошлаган бўлса-да, Самарқандда жараён ҳали бошланмаган. Шу боис асосий савол — тўсиқларни ким олиб ташлаши, йўлни ким тиклаши ва бу харажатларни ким қоплаши лозимлиги ҳали очиқ қолмоқда. Энг тўғри йўл — тўсиқларни ноқонуний ўрнатган шахс ёки ташкилотнинг ўзи уларни олиб ташлаш ва йўлни тиклаш харажатини қоплаши керак.

Дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, замонавий шаҳарлар сунъий тўсиқлардан воз кечиб, хавфсизликни таъминлашнинг экологик ва қулай усулларини танламоқда. Масалан, кўтарилган пиёдалар йўлаклари, йўлни визуал жиҳатдан торайтириш, хавфсизлик ороллари, рангли белгилар ва тезликни камералар орқали назорат қилиш бунга мисол. Бу ечимларда ҳайдовчи кўпроқ тормозлашга мажбур бўлмайди, лекин тезлик назорат остида бўлади.

Тўрахон Ҳошимов,

эколог-эксперт.