Сутни қайта ишловчи корхона фаолияти тикланди
- 11.04.2020 19:31
- 787
- Иқтисодиёт
Жомбой туманида карантин сабаб фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўриляпти. Жумладан, “Зилол сут” оилавий корхонаси бир қатор муаммоларга дуч келган. Натижада, таъсисчилар вақтинча ишлаб чиқаришни тўхтатиб туришга қарор қилган.
Давлат солиқ инспекцияси мутахассислари иштирокида вазият таҳлил қилинди. Тадбиркор муаммосини қисқа фурсатда бартараф этиш чоралари кўрилди.
– Сутни қайта ишлашга ихтисослашган корхона иши тўлиқ тикланди, – дейди 4-сектор раҳбари Ш.Азаматов. – Натижада, 5 нафар фуқаро ишсиз қолишининг олди олинди. Уларга барча санитария-гигиена қоидалари тушунтирилиб, зарур меҳнат шароити яратилди.
Шунингдек, корхона раҳбарлари билан мулоқот давомида фаолиятини кенгайтириш бўйича келишиб олинди. Бунинг учун акциядорлик-тижорат “Халк банки” туман бўлимидан 100 миллион сўм кредит ажратиш масаласи кўриляпти. Келгусида яна 3 та янги иш ўрни яратилади.