Йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 43 триллион сўмга етказилади - режалар қандай?

Жамшид ЎРОҚОВ,

вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари:

- Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида йил якунига қадар амалга ошириладиган аниқ режалар ва эришиладиган мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олиниб, шу асосда ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилди.

Хусусан, йил якуни билан ЯҲМ ҳажмини 43,3 триллион сўм (109,2 фоиз), саноат маҳсулотлари ҳажмини 20,8 триллион сўм (108,5 фоиз), қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажмини 36,2 триллион сўм (105,7 фоиз) ва хизмат кўрсатиш ҳажмини 19,6 триллион сўм (127,1 фоиз)га етказиш белгилаб олинди.

Шунингдек, йил якунида 12,4 триллион сўмлик (113,5 фоиз) инвестиция ўзлаштирилиб, ҳудудий инвестиция дастури доирасида 1 368 та, қиймати 5 086,5 миллиард сўмлик лойиҳалар ишга туширилади ва 12 888 та иш ўрни яратилади. Ҳудудий экспорт ҳажми 500 миллион доллар (175,2 фоиз)га етказилади.

Саноатда ишлаб чиқариш қувватидан тўлиқ фойдаланмаётган 152 та корхона қувватини ошириш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми 158,8 миллиард сўмга кўпаяди. Саноатда жами 357 та умумий қиймати 2 116,3 миллиард сўмлик янги лойиҳалар ишга тушади.

Жумладан, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида жорий йил 26 та лойиҳада 1 249 та иш ўрни яратилиши ҳамда 543 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Кичик саноат зоналарида 516 миллиард сўмлик 82 та лойиҳада 1 234 та янги иш ўрни ва 829 миллиард сўмлик қўшимча ҳажм яратилади. Пахта-тўқимачилик кластер корхоналари томонидан 4 та лойиҳада қўшимча 362 миллиард сўмлик ҳажмлар яратилади. Қишлоқ хўжалигида умумий қиймати 2 триллион сўмлик жами 337 та, жумладан, қорамолчиликда 68 та, паррандачиликда 26 та, иссиқхона 84 та, балиқчиликда 12 та ва бошқа йўналишда 147 та янги лойиҳа ишга туширилади.

Йил якуни билан деҳқончиликда 18,3 триллион (105,6 фоиз), чорвачиликда 15,4 триллион сўм (103,1 фоиз)лик маҳсулот етиштириш кутилмоқда. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш натижасида йил якуни билан 10 866 та (126 фоиз) янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилади.