Сувни “ўчириб” бўладими?

Сўз ўзига хос хусусиятга эга. Тилимизда қалб ифодаси сифатида суҳбат жараёнида ўз ўрнида тўғри қўлланган ҳар бир сўз киши кайфиятига куч бағишлайди. Эътиборсизлик соясида нотўғри қўлланиб келинаётган айрим сўзлар борки, узоқ йиллар давомида ҳам тилимизга сингиб кетолмай ажралиб туради.

XX асрнинг биринчи чораги охирларида фуқаролар рўйхат қилинганда рус тилидаги “фамилия, имя, отчество” сўзлари таржима қилиниб, “фамилияси, исми, отасининг исми” шаклида қўлланган. Аммо ўтган асрнинг саксонинчи йилларидан қадимдан аждодларимиз ўз ўрнида жуда тўғри қўллаган “исм-шарифлари” ибораси нотўғри талқин қилиниб, “фамилияси, исм-шарифи” шаклида ёзилди. Аслида аждодлар “исм-шарифингиз қандай?”, яъни “шарофатли исмингиз қандай?”, деб муносабат билдиришган. Амалда қўлланаётган ҳозирги ҳолда, яъни фамилияси, исм-шарифи дейилганда фамилияси ва исм-шарифи (исми улуғланиб) айтиляпти, отчество, яъни отасининг исми эътибордан тушиб, умуман, қўлланмаяпти. Фуқаронинг ўз тилида мавжуд иборани ножоиз талқин қилиши туфайли сўзнинг амалда нотўғри қўлланилиши кишига эриш туюлади. 

Бухоро – Тошкент магистраль йўлида “путепровод”, “йўл ўтказгич” сўзлари ёзилганлигининг гувоҳи бўласиз. “Путепровод” сўзини рус тилидан “йўл ўтказгич” шаклида сўзма-сўз нотўғри таржима қилиш туфайли таржима бузилган. 1954 йилда нашр этилган “Русско-узбекский словарь”да “Путепровод – осма йўл (бир йўлнинг тепасидан кўприк қилиб ўтказилган иккинчи йўл)” шаклида таржима қилинган (Русско-узбекский словарь. Государственное издательство иностранных и национальных словарей, – Москва: 1954, –стр. 683). Йўл устида қурилган кўприкка нисбатан қўлланган “путепровод” сўзини “йўл ўтказгич” деб таржима қилиш ва қўллаш ғалати туюлади. Шу боис қурилган йўл устидан кўприк ўрнатилиб яна бир йўл ўтказилган экан “йўл усти кўприги”, қуйидаги йўлга нисбатан эса “кўприк ости йўл” шаклида қўлланса, мавжуд қусурга барҳам берилган бўлади. 

Баъзан оммавий ахборот воситаларида қўлланган ғалати иборалар гоҳ кўзга ташланиб, гоҳ эшитилиб туради. “Аҳолига сувни ўчириб қўйди” ёки “сувни ўчир”, дейилса, эриш туюлади. Аслида электр ўчирилади. Аммо дарё ё ариқдан оқиб келадиган сув боғлаб, қувурдан босим билан келадиган сув жўмракни бураб ёпиб тўхтатилади. Бас шундай экан, сувга нисбатан “ўчираман” деб эмас, “тўхтатаман” шаклида қўлланса, кўнгилдагидай бўлади. 

Фуқароларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва паспортларидаги нуқсонлар ҳам анча болалаб кетган. Саводи ўзига яраша бўлган бир шахснинг айби билан фуқароларнинг фамилияси ва исмининг нотўғри ёзилиши ташвишли муаммога айланади. Чунки вояга етиб, эсини таниган киши ўз фамилияси ва исмини ёзишдаги хато туфайли юз берган чалкашликдан хуноби ошиб азият чекади ҳамда хижолатда қолади. Юлдашни Йўлдошга, Паттани Фаттоҳга, Маматни Муҳаммадга, Абрини Обрўга, Сайпиллани Сайфуллога, Пармонни Фармонга, Райимни Раҳимга, Ходжаевни Хўжаевга айлантириш анча меҳнат ва машаққатдан ташқари курашишга ҳам даъват этади. 

Ўзидан ёши жиҳатидан улуғ бўлган кишини исмини айтиб чақириш миллий урф-одатларимизга мутлақо ёт. Исмга қариндошлик даражаси қўллаб айтилса, жуда тўғри бўлади: Ҳусан ака, Ҳасан бобо. Аммо ҳаммага ҳам насиб бўлмайдиган мартабага – Аллоҳ сийловига сазовор инсонларни исмидан кейин мартабаси қўлланса менсимасликдай, кесатиқдай эриш туюлади: Қобил ҳожи, Олим депутат. Агар мартаба исмдан олдин қўлланса, мартаба улуғланади, фуқаронинг ҳурмати ҳам жойига қўйилади: Ҳожи Қобил бобо, депутат Олим ака. 

Жаҳон санъати юлдузларидан бири бўлмиш Амир Хон ҳаж амалларини бажариб, ватани - Ҳиндистонга қайтиб келгандан кейин ҳожи сўзини ўз исмидан олдин, яъни Ҳожи Амир Хон шаклида қўлланилишини маъқул кўрганлигини ғурур ва ифтихор билан маълум қилдики, бу ҳам ибратдир. 

Кишиларни касби ва мансаб даражасини қўллашда ҳам менсимаслик ва кесатиш аниқ билинади: Одил мулла, Ҳошим муаллим, Мўмин раис, Қодир ректор.

Касб ва мансабни улуғлаб муносабат билдирилиши кўнгилда ҳадик қолдирмайди: Мулла Одил бобо, Муаллим Ҳошим ака, раис Мўмин ака, ректор Қодир ака. 

Фараз қилинг: “Қизимизга Мавжуда тарбиячи ҳарф ўргатди”, дегандан кўра, “Қизимизга тарбиячи Мавжуда опа ҳарф ўргатди”, деб фуқаронинг касбини эъзозлаб, исми (ёки фамилияси)дан олдин қўшиб айтилса, тўғрироқ бўлмайдими? 

Республикамизни мамлакатлар билан боғлаб турган магистраль йўл четларида колхоз, совхозлар тугатилгандан кейин антиқа ёзувлар пайдо бўлди: “... номли фермерлар уюшмасига хуш келибсиз”. Аслида собиқ колхозлар ҳудудида ҳеч қандай фермерлар уюшмаси ташкил этилган эмас. Чунки алоҳида “.... номли фермер хўжалиги” ва “... номли ММТП (муқобил машина, трактор парки) дирекцияси” мавжуд. Амалда бўлмаган “фермерлар уюшмаси” номи билан ҳудудларда пештахталар ўрнатишга буйруқ берган айрим раҳбарларнинг қонун талабларидан мутлақо бехабарлигидан, айни вақтда ҳудудий бирликлар юзасида тушунчаси торлигидан кўнгил хижил бўлади. 

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг 5- моддасида “Шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва маҳаллалар фуқаролар ўзини ўзи бошқаришнинг ҳудудий бирликларидир”, деб ёзилган. Бас шундай экан, қонун талабларига амал қилган ҳолда “... маҳалласига хуш келибсиз”, деб ёзилса, мақсадга мувофиқ бўлади. 

Вилоятлардаги радио ва телевидениеда “...номли фермерлар уюшмасида яшовчи фуқаро...” тарзида тез-тез бефарқлик билан эфирга берилаётган эълонлар ҳам кишини ажаблантиради. Қишлоқларга қадам ранжида қилган мухбир собиқ колхоз, совхоз ҳудудларидаги бирор фермерлар уюшмасида бўлганмикан, ҳатто борлигини билармикан?! У ҳудудий бирлик тўғрисида наҳотки тушунчага эга бўлмаса?! 

Магистраль йўлларнинг четларида йўлчиларнинг ўзбошимчалиги ва лоқайдлиги билан шахсларнинг ҳамда жойларнинг номлари ёзилган кўрсаткичли пештахталар пайдо бўлди: “Омонов кўчаси”, “Ўрта йўл”. Ном қўйиш масаласи туманларда фаолият кўрсатаётган ном қўйиш комиссиялари томонидан кўриб чиқилиб, уларнинг тавсияси билан асосан вилоят комиссиялари қарорларига асосан амалга оширилади. Ҳар бир ҳудудда кўрсаткичли пештахталар ўрнатишда маҳаллий ҳокимликлар билан келишиб, тегишли ҳужжатларга таянган ҳолда расмийлаштирилса, нур устига аъло нур бўлади. 

Сўзни ардоқлаб, ёзувни шарафлаб ёзган асарлари билан кўпчиликка манзур бўлган, тиниб-тинчимас, таниқли тилшунос олим Равшан Жомонов ҳақ гапни айтган: “Она тилимиз – муқаддас, у – қанчалар зуғумлардан омон қолган, аждодлардан мерос бўлиб ўтган илоҳий неъмат!”. 

Тил – бобо-момолар беғараз мерос қилиб қолдирган бебаҳо бойлик. Уни софлигича сақлаш, амал қилиш, янада бойитиш, авлодларга асраб-авайлаб етказиш ҳар биримизнинг муқаддас ва шарафли бурчимиз. Айни вақтда тил қоидаларига риоя қилиб, оғзаки ва ёзма шаклларда ҳам сўзларни амалда тўғри қўллаш миллий қадриятларга ҳурмат билан қилинган юксак муносабатнинг ёрқин кўринишидир. 

Исмат САНАЕВ, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.