Тадбиркор: Аввал фаолият юритганлар билан бугунгиларнинг фарқи нимада?

Тадбиркорлик маҳаллаларга янги муҳит олиб кирадиган, одамларга шижоат берадиган барча соҳалар локомотиви ҳисобланади. Иқтисодиёти жадал ривожланаётган кўплаб давлатларда иш ўринларининг 70-80 фоизи айнан улар томонидан яратилмоқда. 

Улар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, умуман, ҳар соҳада янги лойиҳаларни амалга ошириб, одамларни иш билан таъминлаяпти. Мамлакат иқтисодиёти ривожи, халқ фаровонлигига муносиб ҳисса қўшмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда соҳани ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга оширилгани боиси ҳам шунда. 

Янгиланган Конституциямизда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит яратиш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг ҳуқуқий кафолатлари яратилди. Биргина 2024 йилда тадбиркорлар фаолияти учун ғоят муҳим 5 та қонун, 101 та фармон ва қарорлар қабул қилингани соҳани жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 

Илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз “текшир-текширлар” сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қоларди. Бугун-чи? Айни пайтда уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк бор 300 мингтага етди. 

Ўтган йиллар давомида бизнес юритишга доир 100 дан ортиқ лицензия ва рухсатнома бекор қилиниб, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилиб, рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилган ҳолда, муддатлари қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. 

Берилаётган имкониятлар, яратилаётган шароитлар, қулайликлар эвазига тадбиркорлик субъектлари сони йил сайин ошиб, жамиятда уларнинг обрўси ва мавқеи янада ортди. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган тадбиркорлар синфи шакллана бошлади. 

Бугунги таҳликали ва мураккаб шароитга қарамай, иқтисодиётимиз барқарор ўсиб бормоқда. Буни дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар етакчилари ҳам эътироф этяпти. Яқинда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлагани ҳам ушбу фикримизнинг яққол исботидир. 

Бизнес учун йўл, сув, электр, газ, темир йўл каби инфратузилмалар учун катта маблағлар йўналтирилаётгани юртимизда тадбиркорликнинг кенг қулоч ёйиши, ишбилармонлар сафи янада кенгайишига туртки берди. Бу эса партиямиз электорати бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонлар, кичик бизнес вакилларини эркин, самарали фаолият юритишига, фаолиятини кенгайтириб, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. 

Яқинда Президентимиз раислигида мамлакатимиздаги фаол тадбиркорлар билан видеоселектор шаклида ўтказилган мулоқот давомида ҳам соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича йил якунлари ва 2025 йилга мўлжалланган режалар муҳокама қилиниб, галдаги муҳим вазифалар белгилаб берилди. 

ЎзЛиДеП сайловолди дастурида тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний усулда аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш, қонуний фаолият юритаётган ва солиқларни ўз вақтида тўлаётган тадбиркорларни текширмасликни таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. 

Солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, солиқ ставкаларининг ўзгармаслигини таъминловчи сиёсат юритилиши ҳам партиямизнинг сайловолди дастуридаги асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Йиғилишда қўйилган барча вазифалар партиямиз мақсадларига уйғун ва ҳамоҳангдир. 

Диёр ҲУСАНОВ, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.