Тадбиркорларга шубҳали фирмалар билан ҳамкорлик қилмаслик лозимлиги тушунтирилмоқда
Солиқ кодексиниг 15-моддасида солиқ муносабатларида солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида уларнинг ишбилармонлик обрўсини, ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини, битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши шартлиги белгиланган.
Солиқ кодексининг 14, 15 ҳамда 266-моддаларининг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари вакилларига батафсил тушунтириш мақсадида вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари томонидан солиқ тўловчилар учун семинар-тренинглар ҳамда давра-суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Ўтказилган навбатдаги семинарда корхона раҳбарлари ҳамда бош ҳисобчиларга лозим даражада эҳтиёткорлик мавзусида вилоят давлат солиқ бошқармаси ҚҚС маъмуриятчилиги бўлими ходимлари томонидан батафсил тушунтириш берилди. Бир кунлик фирмалар ҳақида маълумотлар берилиб, корхона ва ташкилотлар билан келгусида киришиладиган иқтисодий алоқалар жараёнида лозим даражада эҳтиёткорлик чораларини қўллаш лозимлигига тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари бевосита корхоналарга бориб, тарғибот ишларини амалга оширишни йўлга қўйди. Жумладан Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “Daka tex” МЧЖ раҳбари Р.Қаршиев ҳамда бош ҳисобчи Г.Каримова билан ўтказилган суҳбатда битимларнинг иқтисодий мазмуни ва уларни юридик жиҳатдан расмийлаштириш, лозим даражада эҳтиёткорлик, тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олиш бўйича мисоллар ёрдамида тушунтириш берилди.
- Корхонамиз трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади, - дейди бош ҳисобчи Г.Каримова. - Экспортга маҳсулотларини реализация қилишга ихтисослашган. Солиқ органлари ходимлари томонидан ўтказилаётган тарғибот тадбирлари биз учун жуда фойдали. Саволларимизга жавоб оламиз. Ўз таклифларимизни билдирамиз. Бугун ҳам шубҳали фирмалар билан ҳамкорлик қилишнинг оқибатлари тўғрисида маълумотларга эга бўлдик.
Анвар Қобилов,
вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими.