Талаба очган шифохона Каттақўрғон шаҳри ва туманининг Чинобод, Омонбой маҳаллалари фуқароларига хизмат кўрсатишни бошлади
Шаҳар ва туман чегарасидаги мазкур маҳаллаларда 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Яқинда Чинобод ва омонбойликлар учун “Меҳринисо тиббий сервис” МЧЖ шифо маскани иш бошлади. Шинам, барча шароитларга эга маскан ёш тадбиркор, ҳамшира Меҳринисо Нарзуллаева томонидан очилди.
- 2007 йили шаҳримиздаги тиббиёт коллежининг “Акушерлик” бўлимини тугатганман. Ҳозирда билимларимни мустаҳкамлаш мақсадида коллежнинг ҳамширалик йўналишида ҳам таҳсил олаяпман, - дейди М.Нарзуллаева. - “Миллий банк”нинг шаҳримиздаги филиалидан 80 миллион сўм кредит олиб, Чинобод маҳалласида шифо маскани очишга аҳд қилдим. Маҳалла ҳудудидаги фойдаланилмай келинаётган бинони сифатли таъмирлаб жиҳозладик. Беморлар учун барча шароитлар яратдик. Касалликларни аниқлаш ва даволаш учун замонавий тиббий ускуналар ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминладик.
Айни кунда “Меҳринисо тиббий сервис” шифо маскани атрофдаги маҳаллалар аҳлига хизмат кўрсатишни бошлади. Бу ерда олти ўринли кундузги даволаш стационари, массаж хонаси, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Тажрибали шифокор Жаҳонгир Жўрақулов, малакали ҳамширалар Меҳринисо Нарзуллаева, Моҳинур Дўсатовалар маҳалладошлари саломатлиги йўлида жонбозлик кўрсатишаётир.
Меҳринисо Нарзуллаева тадбиркорларга давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, шифо масканини кенг тармоқли тиббий марказга айлантиришни ҳам мақсад қилган.
Абдуазиз ҲОШИМОВ.