Талабалар “School 21” дастурлаш мактаби интенсив курсининг биринчи босқичини якунлади
Бундан уч ой аввал Самарқандда илк бор ташкил этилган “School 21” IT мутахассисликлари тайёрлашга ихтисослашган дастурлаш мактаби хорижий филиалига тингловчилар қабул қилинган эди.
Унинг биринчи интенсив курсига 200 нафардан ортиқ иштирокчи рўйхатдан ўтди. Аҳамиятлиси, “School 21” масканида таълим олиш учун IT соҳасига оид аввалги билимлар, иш тажрибаси, дастурлаш кўникмалари ва дипломга эга бўлиш талаб этилмайди ҳамда машғулотларда иштирок этиш мутлақо бепул. Бундан ташқари, ушбу мактабда таълимнинг 24/7 режимда ташкил этилгани ҳам иштирокчилар учун бир қатор қулайликларга сабаб бўлди. Ўқув машғулотлари мослашувчан ва доимий ривожланиб борувчи контентга эга рақамли ўқув платформасида олиб борилади.
“School 21” дастурлаш мактабида Самарқанд халқаро технология университети (SIUT)нинг 72 нафар талабаси ҳам қатнашди. Курсларда иштирок этиш мобайнида талабалар индивидуал ва гуруҳларга ажралган ҳолда, жамоавий тарзда амалий дастурлаш, компьютер тармоқлари, алгоритмлар, маълумотлар базалари, мобил ишлаб чиқиш, Frontend, Backend, ML & DS, Big Data ва GameDev сингари дастурларини ўргандилар. Муҳими, ўқув жараёнлари инглиз тилида олиб борилди.
Яқинда “School 21” интенсив ўқув курси биринчи босқич натижаларини эълон қилди. Натижаларга кўра, кейинги босқичларда ўқишни давом эттирувчи иқтидорли, билимли тингловчилар саралаб танлаб олинди. Сараланган тингловчилар орасида SIUTнинг 18 нафар талабаси ва 1 нафар ходими ўқишни муваффақиятли якунлади.
- Ўтган қисқа давр мобайнида талабаларимиз дастурлаш соҳасига оид янги билимларини эгаллаш билан бир қаторда уларни амалда қўллаш, жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантириш, вақтдан унумли фойдаланиш ва вазифаларини самарали бошқариш каби кўникмаларни ўргандилар, - дейди Самарқанд халқаро технология университети профессори Олимжон Ялғашев. - Бу эса уларнинг келажакдаги касбий фаолиятида ўзлаштирилган билим ва тажрибаларни амалда қўллаши билан аҳамиятлидир.