Талабалардан қишки “перевод” учун аризалар қабул қилиш бошланди

Аризалар 20 декабрдан 20 январга қадар (ўша куни ҳам) қабул қилинади.

Қишки “перевод”га барча ҳам ҳужжат топширолмайди. Фақат 2 та узрли сабаби борларга рухсат.

Қуйидагилар узрли сабаблар ҳисобланади:

- талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга ўқишини кўчириш учун;

- давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун (тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида).

Ҳудудий ишчи гуруҳларга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

- ўқишни кўчириш бўйича ариза (ариза бланкаси ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан берилади ва талаба томонидан жойида тўлдирилади);

- талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёки транскрипт нусхалари (биттаси бўлса етарли);

- паспорт нусхаси;

- юқорида қайд этилган узрли сабабларни асословчи тегишли ҳужжатлар.

Ўқишни қайта тиклаш бўйича (кўчириб тиклаш бундан мустасно) аризалар талабанинг четлатилганлигига неча йил бўлганлигидан қатъи назар бевосита ўзи таҳсил олган ОТМга тақдим этилади.

Хориждаги ОТМдан Ўзбекистондаги давлат ОТМга ўқишни кўчириш учун аризалар ҳозир қабул қилинмайди. Хориждагилар фақат ёзда онлайн ариза топширади ҳамда тестга киришади.