Самарқандда хорижий ОТМлардан ўқишни кўчириш бўйича тест синовларида 48 нафар талаба имтиҳондан четлатилди

Вилоятда хорижий олий таълим муассасаларидан республика олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бўйича ташкил этилган тест синовлари якунланди.

Имтиҳонлар Самарқанд шаҳар 2-сон Болалар ва ўсмирлар спорт майдони ва Локомотив стадионида бўлиб ўтди.

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлимининг Zarnews.uz’га маълум қилишича, икки кун давом этган тест синовларига жами 6110 нафар талабгор қатнашиши керак бўлган. Аммо айрим сабабларга кўра 471 талаба имтиҳонга келмаган.

Имтиҳонда 27 нафар талаба ўринга ўрин киришга урингани, 20 нафари таъқиқланган воситаларни ишлатгани, 1 нафари тест қоидаларини бузгани сабабли тест синовларидан четлатилган.

Эслатиб ўтамиз: Тест саволлари мутахассислик фанлари бўйича 2 та асосий ва 3 та қўшимча фанлардан тузилган бўлиб, йўналишлар бўйича белгиланган балл тўплаган талабалар республика ОТМларига ўқишини кўчира олади.