Эмланмаган инсон атрофдагиларни ҳам хавфга қўяди

Бугунги кунда инсон саломатлигини ҳимоя қилишда энг самарали ва хавфсиз усуллардан бири - бу эмлаш, яъни вакцинациядир. Эмлаш орқали инсон организми турли юкумли касалликларга карши иммунитет ҳосил қилади ва уларнинг олдини олади.

Вакцинациянинг моҳияти шундаки, инсон танасига касаллик қўзғатувчисининг заифлаштирилган ёки ўлдирилган шакли киритилади. Бу эса организмга зарар етказмасдан иммун тизимини «ўргатади» ва келгусида ҳақиқий инфекцияга дуч келганда уни тез ва самарали бартараф этишга ёрдам беради. Эмлашнинг аҳамияти жуда катта, у нафақат инсонни, балким бутун жамиятни ҳимоя қилади. Агар аҳолининг катта қисми эмланган бўлса, инфекция тарқалиши кескин камаяди, бу ҳолат «жамоавий иммунитет» деб аталади. Тиббиёт амалиётида эмлаш туфайли кўплаб хавфли касалликлар, масалан, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, дифтерия, кўкйўтал, вирусли гепатитлар, сил, қоқшол каби касалликлар сезиларли даражада камайган ёки умуман йўқ килинган. Айрим ҳолларда одамлар эмлашдан қўрқишади ёки турли хил маълумотларга ишонишади. Аслида замонавий вакциналар қаттъий илмий текширувлардан ўтган бўлиб, хавфсиз ва самаралидир. Эмлашдан кейин кузатилиши мумкин бўлган енгил реакциялар (масалан, ҳарорат кўтарилиши ёки укол жойида оғриқ) вақтинчалик бўлиб, жиддий хавф туғдирмайди. Шуни унутмаслик керакки, эмлаш - бу нафақат шахсий танлов, балки жамият олдидаги масъулият ҳам. Чунки эмланмаган инсонлар фақат ўзини эмас, балки атрофдагиларни ҳам хавф остига қўяди.

 Хулоса қилиб айтганда, эмлаш - соғлом келажак гарови, ҳар бир инсон ўз вақтида эмланиш орқали саломатлигини ва яқинларни ҳимоя қилиши зарур.

Мамлакатимизда 19-25 апрель кунлари «иммунизация ҳафталиги» ўтказилмокда. Самарқанд шаҳрида эмлаш  ишлари 20 та  ҳудудий оилавий поликлиникаларда ўтказилмоқда.

Нилуфар КАРИМОВА,

Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мутахассиси.