“Таълим тўғрисида”ги қонун: янгиланиш, шарҳ, изоҳ
2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг кенгроқ оммага етказиш мақсадида Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида шу мавзуда онлайн семинар ташкил этилди.
Семинарда барча ҳудудий марказлар ҳамда халқ таълими тизими профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Замонавий фан ва техника тараққиёти таълим муассасаларида фанларни ўқитишга янгича ёндашувни, ўқувчиларнинг ўзлаштириши лозим бўлган билим, кўникма, малака ва компетенсияларнинг даражасига юқори талабларни қўймоқда. Бугунги кунга келиб, ўқув ахборотлари ҳажмининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетганлиги ўқувчиларга нафақат билим бериш, балки уларни “ўқиш ва ўрганишга ўргатиш”ни талаб қилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан таълим тизимида янги ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этади.
Тадбирда вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази кафедра мудири Г.Файзуллаева янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунда киритилган боблар ва моддаларни аввалги қонунга нисбатан қиёслаш, шарҳлаш ва изоҳлаш орқали батафсил тушунтириб берди.
Семинар мавзуга оид баҳс-мунозараларга бой бўлди.
Абдуҳошим Зиёдов.