Таълимда нима ўзгарди?

Инсон капитали мамлакатнинг муҳим бойлиги. Шу маънода замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, юрт ва халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган кадрларни тайёрлаш масаласи эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи устувор масаласидир.

Айни шу сабаб кейинги йилларда юртимизда таълим соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, мактабгача, ўрта ҳамда олий таълим тизимида қатор янгиликлар жорий этилди.

Бунда таълим-тарбия тизимида эскича қолиплардан воз кечиш, энг илғор, замонавий, халқимизга хос миллий-маънавий ва ахлоқий қадриятларга ҳамоҳанг усулларни амалиётга жорий этиш, Шарқда қадимдан амалда бўлган принцип — таълим ва тарбияни бир-биридан ажратмаслик ва уларнинг ўзаро мутаносиблигига эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, ёш авлод тарбиясида фақатгина давлат ёки таълим тизими эмас жамиятнинг барча бўғини фаол иштирок этиши чоралари кўриляпти.

 “Таълим тўғрисида”ги қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури истиқболли тизим яратишга асос бўлгани ҳолда, сўнгги тўрт йилда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлар соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида нафақат ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги ислоҳотлар, балки педагоглар фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришларга эришилди.

Мисол учун, соҳа фаолиятини тубдан яхшилаш, илғор тажрибаларни ўрганиш, замонавий тизим яратиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Ўз навбатида, давлат ва хусусий шериклик асосида яқин истиқболда мамлакатимизда боғча ёшидаги болаларни тўлиқ мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг фикр-таклифлари асосида 11 йиллик мажбурий мактаб таълими қайта жорий этилди.

Улуғ алломаларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номлари билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари, хусусий мактаблар замонавий намунадаги таълим даргоҳлари бўлди.

Ўқитувчиларнинг иш ҳақи сўнгги тўрт йилда ўртача 3 баробар оширилиб, узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ мезонлар белгиланди. Уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда. Бу ўз навбатида олис ҳудудларда зарур ўқитувчиларни жалб этиш имконини берди.

Аслида умумий ўрта таълим тизимидаги ижобий ўзгаришларни узоқ давом эттириш мумкин. Тажрибасидан фойдаланиш мақсадида пенсия ёшида фаолиятини давом эттираётган ўқитувчиларга пенсияси тўлиқ миқдорда берилаётгани, узоқ қишлоқлардаги мактабларга ўқитувчиларни жалб этишни янада рағбатлантириш учун уларга уй-жойлар, автотранспорт учун кредитлар бериш амалиёти жорий қилингани бунинг ёрқин мисолидир.

Бундан ташқари, олий таълим тизимида ёшлар қамрови икки-уч бараварга кўпайтирилди. Олис ҳудудлардаги ёшларга қўшимча имконият яратиш мақсадида нуфузли олий таълим муассасаларининг вилоятларда филиаллари ташкил этилди.

Муҳими, таълим тизимидаги ислоҳотлар булар билан чекланиб қолмасдан, изчил давом эттирилмоқда. Биз халқ вакиллари ҳам бор куч ва ғайратимиз билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашга кўмак беришга тайёрмиз.

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.