Тамаки қутилари ичига 35 бош ноёб судралиб юрувчи жонзотни жойлаб, четга олиб чиқмоқчи бўлган шахс тўхтатилди
«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексининг «Тошкент халқаро аэропорти» чегара божхона пости ходимлари йўқ бўлиб кетаётган камёб турлар сирасига кирувчи судралиб юрувчи ҳайвонларни ҳаво йўллари орқали яширинча олиб чиқилишига чек қўйди.
Гап шундаки, “Тошкент-Москва” рейси бўйича парвозга шайланган фуқаролардан бири божхонадан яшил йўлак орқали ҳаракатланар экан, унинг безовталаниши божхоначиларнинг диққатини тортди. Унга тегишли багажлар белгиланган тартибда кўздан кечирилганида эса шубҳалар ўз тасдиғини топди.
Ушбу шахс божхона ходимларининг оғзаки сўровида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилмасдан туриб, тақир тўгаракбош, гекконча, калтекасак каби 35 бош ноёб жонзотларни тирик ҳолатда тамаки қутилари ичига жойлаганча олиб чиқаётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Бундан ташқари, шу каби жонзотларнинг 14 таси спиртда қотирилган ҳолатда, шунингдек, 16 дона калтакесак думи, 1 дона ондатра думи ва 2 бош ўлик ҳолатдаги чипор илон ҳам олиб чиқиб кетилаётгани маълум бўлди.
Мазкур судралиб юрувчи ҳайвонлар асосан Фарғона водийсида табиатдан ажратиб олинган, лекин йўловчи уларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни божхона ходимларига тақдим қила олмади.
Ҳозирда ушбу жонзотлар Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига топширилди.
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.