Боласини айиқ сақланаётган қафасга ташлаб юборган она ҳақида маълумот берилди
Аёл олийгоҳлардан бирининг ўқитувчиси бўлган. У оилавий муаммолар сабаб тушкунликка тушиб қолган.
Тошкентдаги ҳайвонот боғида она ўзининг 3 ёшли қизини айиқ қафасига ташлаб юборгани ҳақида хабар бергандик.
Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси мазкур аёл бўйича маълумот берди. Унга кўра, она 1991 йилда туғилган ҳамда Тошкент шаҳар Сергели тумани “Қумариқ” маҳалласида яшовчи фуқаро З.Т. эканлиги аниқланган.
Қайд этилишича, З.Т. ҳозирга қадар ўз отаси Ю.Т.га тегишли мазкур хонадонда 2 нафар фарзанди билан истиқомат қилиб келган. У пойтахтдаги олий ўқув юртларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайди, турмуш ўртоғи Н.К. эса айни вақтда Россияга кетган.
Ҳозирда аёл эри билан бирга яшамаётганлиги сабабли руҳий тушкунликка тушиб қолганлиги маълум бўлди.
Ажрим ёқасидаги мазкур оиладаги ҳолат маҳалла масъуллари томонидан кўп бора ўрганилган, оилани яраштириш чоралари кўрилган.
Маълумотга кўра, З.Т. 2021 йилда “Аёллар дафтари”га киритилган ва унга уй-жой ва ажрим масаласида зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
Ҳозирда ҳодисадан жабрланган қизга барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Шунингдек, мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аёлга нисбатан ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми "в" банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.