Жомбойда меҳмонхона, санаторий, ҳайвонот боғи ва туристик масканлар қурилади

Жомбой туманида ҳудуднинг географик жойлашуви ҳисобга олиниб, тадбиркорлар томонидан 1 та меҳмонхона, 2 санатория, 1 та ҳайвонот боғи, 15 та дам олиш маскани ва 21 та бошқа йўналишлар бўйича туристик масканлар қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилган. Туристик масканлар халқаро аҳамиятдаги М-39 йўлига яқин ҳудудларда бунёд этилади.

Бу ҳақда туман ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида Қаюм Собиров маълум қилди.

Туман ҳокимининг таъкидлашича, лойиҳалар амалга ошиши натижасида 480 та янги иш ўрни яратилади. Бугунги кунда 1,5 минг нафар маҳаллий ва 250 нафар хорижий фуқароларга хизмат кўрсатилиб, йиллик бюджетга 10 миллион сўмлик тушум ундирилмоқда.

Лойиҳалар тўлиқ ишга туширилиши билан 2020-2021 йилларда 50 минг нафар хорижий фуқарога хизмат кўрсатилади. Натижада бюджетга 5 миллиард сўм тушум туширилишига эришилади.

Шунингдек, зиёрат туризмини ривожлантириш учун ҳудуддаги 10 яқин маҳаллада жойлашган муқаддас қадамжолар ободонлаштирилади.

– Бугунги кунда 1,5 минг нафар маҳаллий ва 250 нафар хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатилиб, 10 миллион сўм тушум таъминланмоқда, – деди Қ.Собиров. – Бу мавжуд имкониятларни ҳисобга олсак, жуда кам. Биргина Зарафшон миллий қўриқхонаси имкониятидан етарлича фойдалана олмаяпмиз.

Ҳ.ЭЛТОЕВ.