Таниқли педагог ва моҳир таржимон Муҳаммаджон Холбеков вафот этди

Муҳаммаджон Холбеков 1950 йилда Самарқандда туғилди. Ўрта мактабда таҳсил олгач, 1967 йилда Самарқанд давлат университетининг роман-герман филологияси факультетига ўқишга кирди.
Университетни тамомлаб, илк иш фаолиятинини Самарқанд давлат педагогика институтида бошлади. Сўнгра СамДУда фаолиятини давом эттирди. Кафедра мудири, факультет декани, филология йўналиши бўйича ҳимоя кенгаши аъзоси бўлиб ишлади.
1982 йилда номзодлик, 1989 йилда докторлик диссертацияси ёқлади.
1999-2005 йилларда Самарқанд давлат чет тиллар институти француз филологияси факультети декани ва кафедра мудири лавозимларида фаолият кўрсатди.
2006 йилдан Жиззах давлат педагогика институтида ишлади. Кейинги пайтларда Ўзбекистон жаҳон тиллари университети, Жиззах давлат педагогика институти, Қарши давлат университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида ёш тадқиқотчиларга раҳбарлик қилаётган эди.
Изланувчан, заҳматкаш олим Муҳаммаджон Холбеков Самарқанд адабий муҳитида камол топди ва таржимашунослик бўйича ўз мактабини ярата олди. Француз адабиётидан қилган ўнлаб таржималари нашр этилди. Уни хорижда ҳам билимдон адабиётшунос сифатида тан олишарди.
"Зарафшон" ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти жамоаси марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.