Таниқли тадбиркор, меҳнат фахрийси Ўткир Тошев вафот этди

Самарқанд вилоятида кўзга кўринган тадбиркорлардан бири, ишбилармон ва фидойи инсон Ўткир Тошев оғир касалликдан сўнг вафот этди.

Ў.Тошев 1954 йилда Пахтачи туманида туғилди. У бутун умрини мамлакатимизда янги технология асосида ишлаб чиқариш корхоналари яратишга сарфлади. Хусусан, Пахтачида сут ва ўсимлик ёғини қайта ишловчи замонавий корхоналар, ғишт ишлаб чиқариш цехи ва қорамолчилик фермаси барпо этди.

Иш фаолияти давомида кўплаб шогирдлар тайёрлади. Самарқанд шаҳрида унинг раҳбарлигида қурилган аквапаркда 100 дан ортиқ ишчи ўрни яратилди.

Ўткир Тошев ҳамиша ғайрат-шижоати, самимий муносабати, Ватанига муҳаббати билан барчага ибрат кўрсатди.

Шу сабабли унинг хотираси кўпчилик қалбида узоқ вақт сақланиб қолажак.