Танзила Норбоева ва Валентина Матвиенко ОАВ вакиллари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси федерация кенгаши девони ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланганидан сўнг Ўзбекистон ва Россия парламентлари палаталари раислари Танзила Норбоева ва Валентина Матвиенконинг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.

Россия парламенти делегациясининг расмий ташрифи Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада фаоллаштириш йўлида муҳим қадам бўлгани таъкидланди.

Икки мамлакат парламентлари юқори палаталари раҳбарларининг учрашуви чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли масалалар батафсил муҳокама этилди. Бунда парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Охирги икки йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путиннинг сиёсий иродаси ва қатъийлиги туфайли Ўзбекистон-Россия стратегик ва иттифоқчилик ҳамкорлигини ривожлантиришда янги босқич бошлангани таъкидланди.