Тақдирига Самарқандда битилган толе ёки ажойиб инсон Юсуф Ҳайдаровни эслаб
Юсуф ака билан у киши пенсияда чоғида йигирма йил аввал танишганман. Бу одамнинг зиёлинамо чеҳрасига, фақат илму маърифатдан иборат суҳбатларига, танишу дўстларига муносабатларига ҳавас қилганман.
– Ота-боболарим давлатманд, зиёли бўлишган. Тошкентнинг Жўва маҳалласиданмиз. Дўрмон томонда боғимиз ҳам бор эди. Отам зиёлилар билан кўп машварат ўтказар эди. Ижодкорлар, олимлар келишарди. Мен уларга хизмат қилиб, илмга меҳр қўйганман.
Отахоннинг бу тахлитда кўп суҳбатини олганман. У киши совет давридан отасининг битта боғи ўрнида «Сельмаш» заводи қурилгани-ю Москва технология институтида айнан терини қайта ишлаш мутахассислиги бўйича олий маълумот олгани, бир неча халқаро форумларда иштирок этганини фахр билан гапириб берарди.
1963 йилдан бошлаб Юсуф аканинг тақдири Самарқанд билан боғланди ва вафоти (2011 йил 27 ноябрь) га қадар ана шу табаррук заминнинг суюкли фарзандларидан бўлиб қолди. Марҳамат ая билан олти фарзандни замонага муносиб қилиб тарбиялади.
Ю.Ҳайдаров ўз даврининг шижоатли, салоҳиятли зиёлиларидан бўлган. У киши билан қайси даврага бормайлик, кўпчилик “устоз” деб мурожаат қиларди. Юсуф ака эса ҳар бирига ҳазил-мутойиба қилиб, ҳол-аҳволини сўрарди. Бундан ташқари, у киши ўқиган китоблари, бадиий асарлари, кўрган киноларидан олган ибратларини айтишни яхши кўрарди. Мен Юсуф ака орқали Самарқандда корхоналарда фидокорона меҳнат қилган кўплаб одамлар билан танишдим ва уларнинг маърифий суҳбатларидан баҳраманд бўлдим.
Юсуф акадан кўп одам маслаҳат сўраганига гувоҳ бўлганман: маҳаллада боғча қурилиши талаби билан чиққан оқсоқол ҳам, канализация тармоғини улашга киришган қурувчи ҳам, спорт залини таъмирламоқчи бўлган мактаб директори ҳам, ишга кирмоқчи ёки ўқишга бормоқчи ёшлар ҳам. Кейинчалик билсам, бу инсон шогирдларига, ўзига ўхшаган инсонларга ишонган. Ана шу орқали одамларнинг оғирини енгил қиларкан. Тўғриси, менинг ўзимга ҳам бир-иккита ижодкорларни таништириб, “Ука, бу болаларнинг ёзганини бир ўқинг, бинойидек таланти борга ўхшайди”, деган эди. Қолаверса, бир неча бор вилоят партия қўмитаси аъзоси, вилоят депутати сифатида анча-мунча савобли ишларни қилиб ўрганган.
– Толе менинг тақдиримга азим Самарқандда битилган экан, – деди бир куни ака. – Шу ерда бахтимни – оиламни, фарзандларимни, ҳаловатимни топдим. Бунинг учун тақдиримдан миннатдорман.
Юсуф аканинг жанозасида туманот одам йиғилди. Кейинги маъракаларида ҳам таниш ва шогирдларининг қадами узилмади. Чунки бу одам дунёга яхшилик қилиш учун келган ва ана шу савобли юмушни бажара олди. Шунинг учун Марҳамат ая бугун фарзандлари, неваралари даврасида турмуш ўртоғининг барча эзгуликларини ғурур билан гапириб беради. Дарвоқе, шифокор қизи Азиза яқинда менга отаси хотирасига бағишланган ихчамгина шеърини берди. Унда қуйидаги мисралар бор экан:
Меҳрингизни соғинаман, отажоним,
Соғингандай сабоқ ила оқибатни.
Билаяпмиз ўгитингиз боис бугун
Ҳаёт деган яхши-ёмон синоатни.
Фарзандларга ибрат бўла олган отанинг хотираси эса боқий бўлади.
Фармон Тошев.