Тарғиботчи хотин-қизлар ўқув-семинарга йиғилди

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг Самарқанд вилояти минтақавий филиали томонидан вилоятда фаолият олиб бораётган тарғибот гуруҳи аъзолари учун ўқув-семинар ташкил этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази биносида ўтказилган семинарда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган хотин-қизлардан ташкил топган тарғибот гуруҳи раҳбарлари ва аъзолари, яъни маҳалла фаоллари, зиёлилар, дин ишлари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб семинар иштирокчилари Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Ҳадис илми олий мактаби фаолияти ва у ерда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Тарғиботчилар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда марказдаги Имом Бухорий ҳаёти ва илмий фаолиятини акс эттирган музейни ҳам томоша қилишди.
Ўқув-семинар Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг вилоят минтақавий филиали директори Т.Эвадуллаев ҳамда вилоят тарғибот гуруҳи раҳбари С.Зоҳидова томонидан олиб борилди.
Тренингда “Жамият, хотин-қизлар ва дин. Ўзбекистонда диний эътиқоднинг ҳуқуқий асослари”, “Маънавий-маърифий ишлар бўйича тарғиботчиларнинг компетентлиги, қобилияти ва нутқ маданияти”, “Ўзбекистоннинг геосиёсий ўрни ва диний ақидапарастлик. Диний ақидапарастликнинг глобал ва минтақавий мақсадлари”, “Тарғиботнинг инновацион технологиялари ва уларнинг таълим-тарбиявий аҳамияти” каби мавзуларда маърузалар ўқилди.
Тарғибот гуруҳлари аъзолари маърузалардан келиб чиқиб, кейинги тарғибот тадбирларида нималарга эътибор берилиши кераклиги тўғрисида тушунчаларга эга бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Зоҳир ЮСУПОВ.