Тарғиботдан мақсад одамларни бир жойга тўплаб, қоғоздан маъруза ўқиб бериш бўлмаслиги керак
Шу йилнинг ноябрь ойи давомида маҳаллаларда «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» ғояси остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Вилоятимизда ҳам мазкур тадбирларда иштирок этадиган олимлар, театр актёрлари, хонандалар, шоир ва ёзувчилардан иборат тарғибот гуруҳлари шакллантирилди.
Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида тарғибот гуруҳлари аъзолари учун махсус ўқув курси ташкил этилди. Унда ўтказиладиган тарғибот тадбирларининг мақсади нималардан иборатлиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, халқимизга хос азалий қадриятларни аҳоли орасида тарғиб қилиш, бунда ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг ёш тоифаси, оилалар таркибини инобатга олиш зарурлиги тўғрисида тушунчалар берилмоқда.
- Бу галги тадбирлар ноанъанавий, ўзига хос тарзда ўтказилиши керак, - дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Иброҳим Йўлдошев. – Мақсад одамларни бир жойга тўплаб, қоғозга қараб маъруза ўқиб бериш эмас, аҳолининг, хусусан, карантин даврида тушкунликка тушган фуқароларимизнинг кайфиятини кўтариш, улар қалбида эртанги кунга бўлган ишончни уйғотиш. Асосийси, юртимизда бўлаётган ўзгаришларни одамларга содда тилда, оддий мисоллар билан тушунтириш талаб этилади.
Тўлқин СИДДИҚОВ.