Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари: Хўжа Зудмурод ким бўлган?
Самарқанднинг ҳар қарич ери тарихдан сўзлайди, ундаги ўнлаб мадрасаю масжидлар аждодларимизнинг ўтмиши, илм-маърифати, жангу жадалларга бой тарихи билан боғлиқ. Ана шундай ноёб иншоотлардан бири Хўжа Зудмурод жоме-масжидидир.
Шавкат Мирзиёев 2017 йил Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Самарқанд шаҳар “Хўжа Зудмурод” масжиди ҳудудини кенгайтириш ва уни юртимиздаги энг кўркам масжидлардан бирига айлантиришга эътибор қаратди ва бу борада амалга ошириладиган ишларни белгилаб берди.
“Хўжа Зудмурод” масжиди Самарқанд шаҳридаги энг қадимий иншоотлардан бири бўлиб, манбаларда қайд қилинишича, унинг пайдо бўлиши IХ-Х асрларга, салжуқийлар империяси султони Аҳмад Санжар даврига бориб тақалади. Масжидни қайта тиклаш жараёнида унинг пойдевор қисмидан айнан ўша даврга тегишли ғиштлар топилган бўлиб, ҳозирги даврда халқ орасида шу ўлчам ва кўринишда бўлган ғиштлар “санжари” деб аталади. Айтишларича, 71 ёш умр кўрган султоннинг фарзанди бўлмаган ва у ўз номини тарихда қолдириш учун шу турдаги ғиштларни ўйлаб топган ва шаҳар қурилишларида ишлатган экан. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур Ҳазрати Жиржис алайҳиссаломнинг жасадларини Яқин Шарқдаги қадимда Мосул деб аталган шаҳардан келтириб, масжид ёнига дафн эттирган экан. Собиқ иттифоқ тузуми даврида Ҳазрати Жиржис дафн этилган жой бузиб ташланган.
Руи Гонсалес Де Клавихонинг “Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалиги” (1403-1406 йиллар)да Константинополда “Авлиё Георгий” черковида бўлганлиги, унинг кўриниши, безаклари тўғрисида маълумотлар келтирилган.
Абу Тоҳирхожанинг ҳижрий 1260-1265 (1844-1848) йиллар ораларида ёзилган, Самарқанднинг табиий кўриниши, тарихий аҳволи бўйича маълумот берувчи “Самария” асарида бу тарихий мавзе ҳақида қуйидагича ёзилган: “Ҳазрат Хожа Зудмурод мазори. Шаҳар ичида. Амир Темур кўрагон жомеъидан (Бибихоним) Пойқабоқ дарвозасига борадиган катта йўлнинг жанубидадир. Ушбу мазор эл аро ҳазрат Жиржис пайғамбар мазори номи билан машҳурдир. Ҳазрат Жиржис пайғамбар қабри Мўсул вилоятиндандир.
Муаллиф асарда бу масканга келувчиларнинг тилаклари тезлик билан борлиққа чиққанидан “зудмурод”, деб аталганганлиги, 1249 йил ҳижрийда (1833) усто Муҳаммад Шариф дегрез шу мазорнинг теварагида юксак ва безаклик бир айвон солиб, сутунлардан биринчисини чўяндан филпоя қилиб қуйиб ўрнатганлиги ҳақида ҳам маълумот беради.
“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да берилишича, Зудмурод масжиди — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (19 а.). Хўжа Зудмурод қабристонида, уч томони айвонли хонақоҳ ва минорадан иборат. Учала томоннинг ҳар бирида иккитадан эшик бор. Ана шу 6 эшикдан айвонлар орқали хонақоҳга кирилади. Хонақоҳ 4 (ёғоч) устунли. Ғарбий девор ўртасида меҳроб бор. Айвоннинг шарқ ва жануб қисмида устунлар бир қаторли, шимолда икки қаторли қилиб жойлашган. Уларнинг турли даврларда қурилганлиги безагида ҳам кўзга ташланади. Шимолий айвонда Хўжа Комилбой маблағига қурилгани (1896) ҳақида маълумот сақланган. Зудмурод масжиди қурилишида усталардан нажжор (Мухтор ва Абдурауф), наққош (Маҳмуд, Наим, Шариф), гилкор (Саъдулла ва Камол) лар қатнашган.
Шарқ халқларида ҳазрати Жиржис номи билан машҳур бўлган бу зот бошқа халқларда авлиё Георгий номи билан шуҳрат топган. Бу христиан араблардан мусулмон арабларга Жиржис номи билан ўтган. Георгий ҳақидаги ривоятлар араб тилига VIII аср бошларида ўгирилган. “Мусулмонларнинг илтижолари ҳақида мўъжиза” китобида ёзилишича, христиан руҳоний мусулмонга Георгий ҳақидаги ривоятни ўз тилида ўқишга беради.
Георгий ҳақидаги ривоятлар ат-Табарийнинг пайғамбарлар ва шоҳлар тарихига бағишланган китобига ҳам киритилган.
“Ислом энциклопедияси”да келтирилган маълумотларга кўра, Жиржис Исонинг шогирдларидан бири бўлган. Мосулнинг бутпараст шоҳи Жиржисни қийноқларга солади ва ўлдиртиради. Аммо Аллоҳ уни ҳар сафар тирилтиради. Аллоҳ унинг учун инсонлар ва ҳайвонларни тирилтириш билан боғлиқ кўплаб мўъжизалар кўрсатади. Аллоҳ камбағал бечора кампирнинг ўлган ҳўкизини тирилтиради, ўликларни қабрдан турғизади, ёғоч курсиларни дарахтга айлантиради. Жиржис ҳақидаги ривоятлар христианликдаги авлиё Георгий ҳақидаги ривоятлар билан уйғунлик касб этади.
Фаластинда Георгий билан боғлиқ ибодат қилинадиган 22 та жой мавжуд бўлиб, улардан 9 таси мусулмонлар масжидларидир. Бундан ташқари, Наблусдаги хусусий ҳаммом ҳам халқ эътиборига тушган бўлиб, ривоят қилишларича, авлиё ҳар жума куни у ерга қатнаган ва шу туфайли ўша куни сув шифобахшлик касб этиб, даволовчи хусусиятга эга бўлган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида авлиё Георгий номи билан боғлиқ масжидлар, черковлар, монастирлар бўлиб, уларда ибодатлар амалга оширилади, қурбонликлар қилинади.
Яқин Шарқдаги ривоятга кўра, Георгийни Ал-Хадр дейишади, унга қурғоқчиликда ёмғир сўраб, соғлиқ, ишларига омад сўраб, назр-ниёз қилишади. Ал-Хадр касалликлар, асосан, асаб ва руҳий хасталикларни даволовчи ҳисобланади. Аммо мусулмон халқларнинг кўпчилиги Ал-Хадрни Исо, Илёс, Идрис пайғамбарларга тенглаштириб, улар каби ўлмайдиганлардан бири деб ишонади.
Ривоятларга эътибор берадиган бўлсак, бу шаҳиднинг номланишида турлича антропонимик вариантлар мавжудлиги маълум бўлади. Масалан, инглизлар уни Saint George деб улуғлашса, руслар Егорий ботир деб шарафлайдилар. Ислом манбаларида эса у Жиржис ёки Гиргис, Ал-Хадр, Эл Худи тарзида тилга олинади. Москвада 2000 йилда нашр қилинган “Провослав энциклопедияси”да авлиё Георгийнинг ҳаёти тўғрисида ўрта асрларда Европа ва Осиё илоҳиётчилари томонидан берилган маълумотлар келтирилган. Бу қўлёзмалар V-VI асрларга тегишлидир. Шуни ҳам қайд этиш лозимки, Георгийнинг аждаҳо устидан ғалаба қозониши турлича талқин қилиниши олимларнинг III ва IV асрларда Каппадоки ва Лидда шаҳрида яшаган икки авлиёнинг аслида бир киши бўлиши мумкинлиги ёки мажусийлар қўлида бир исмли икки кишининг қурбон бўлганига оид шубҳага келишига асос бўлди.
Ривоятларнинг Византияда яратилган вариантига кўра, авлиё Георгий III асрнинг иккинчи ярмида Каппадокида туғилган. Унинг отаси форс жангчиси Геронтий, онаси христиан динига мансуб Полихрония эди. У боласини тақводор қилиб ўстиради. Георгий ёшлигидан отаси изидан бориб, жангчи бўлиб етишади. Шоҳ Диоклетиан (Дадиан) томонидан христианлар қувғин қилингач, у Никомидияга жўнайди ва у ерда ўзини христиан деб эълон қилади. Георгийнинг шоҳ ёнига бориб, ундан ўз эътиқодидагиларни тинч қўйишини сўраши унинг зиндонда бир неча йил азобланиши ва уч марта ўлимга ҳукм қилинишига сабаб бўлди. Аммо у ҳар сафар мўъжиза билан ўлимдан қутулиб қолади. Георгий 303 ёки 304 йилда шоҳ буйруғи билан қатл этилади.
Русларда бу авлиёни аввало, довюрак жангчи сифатида улуғлашади. Унинг найза билан улкан илонни ўлдираётгани рус байроғида ҳам тасвирланган. Унинг ўлган ҳўкизни тирилтиргани ҳақидаги ривоят сабаб молбоқарлар ҳомийси деб биладилар.
Унинг ўз эътиқоди учун кураши акс этган лавҳалар ўрта аср араб адабиётида ҳам учрайди. Шуниси характерлики, муаллифнинг диний эътиқоди қандай эканлигига кўра, у ё христиан ёки мусулмон сифатида тасвирланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам у ўз эътиқоди учун мажусий шоҳдан жабрланганлиги кўрсатилади. Жиржиснинг ҳаёти ва фаолиятига боғлиқ ривоятлар 839-923 йилларда яшаган олим ва илоҳиётчи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарининг пайғамбарлар ва шоҳлар тарихига оид асарида мавжуд. Бу тарихий асарнинг тўлиқ варианти сақланиб қолмаган бўлса-да, сақланиб қолган парчалар тадқиқотчилар томонидан таржима қилинган ва ўрганилган. Бу таржималар моҳиятан авлиё Георгий ҳақидаги ривоятларга жуда ўхшаш. Мусулмонлар томонидан яратилган ривоятларда унинг христианлар талқин қилганидек, жангчи эмас, балки савдогар бўлганлиги қайд этилади. “Жиржис, айтганларидек, унинг келиб чиқиши Фаластиндан бўлган тақводорлардан эди ва Исо пайғамбарнинг сўнгги шогирдлари ёнида яшаган. У савдогар эди, у савдодан нафақат ёрдамга муҳтож бўлмади, балки ўз даромадидан камбағалларга ҳам улашди”, деб ёзади Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табари.
Бошқа мусулмон муаллифлар эса Ал-Хадрнинг Муҳаммад пайғамбар даврида яшаганини кўрсатадилар. Уларнинг ёзишича, авлиё Мосул ҳукмдори ҳузурига бориб, уни исломга даъват этади. Аммо унинг таклифини қабул қилмай, уни уч марта қатл этадилар. Аллоҳнинг қудрати билан қайта тирилавергач, тўртинчи марта ҳам ўлдирадилар. Бу унинг охирги ўлими бўлади.
Самарқанд шаҳрининг эски шаҳар қисмидаги “Хўжа Зудмурод” масжиди ҳудудида қўним топган бу зотнинг ҳаёти ва фаолиятига доир изланишлар олиб бориш тарихимизнинг маълум даврларига ойдинликлар киритиши шубҳасиз.
Толиб Жўраев,
филология фанлари номзоди.