“Ташаббусли бюджет”: Самарқандда иккинчи мавсумда 113 та таклиф ғолиб бўлди, бу ташаббусларни амалга ошириш учун лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда
Жойларда мавжуд инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва бунда жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида жорий қилинган “Ташаббусли бюджет” тизими бугун ўзини оқлади, деб айтишга асослар етарли.
2021 йилдан буён йилига икки марта бевосита фуқароларнинг ташаббуси асосида маълум бир ҳудуд ёки тизимдаги муаммоларга ечим топиш мақсадида лойиҳалар ишлаб чиқилиб, овозга қўйилмоқда. Ғолиб лойиҳалар давлат ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Шу пайтгача бу каби тадбирлар ҳокимликлар ва маҳаллий кенгашлар таклифлари асосида тегишли дастурларга киритилиб, амалга ошириларди. Бу жараёнда баъзида ҳақиқатда оғир масалалар қолиб, айрим кишиларнинг аралашуви ёки манфаати ортидан бошқа лойиҳалар дастурга кириб қоларди. Энди эса аҳолининг ўзи ҳудуд ривожи, одамлар турмуш даражаси учун муҳим бўлган масалаларни ташаббус асосида илгари суриб, унинг амалга оширилиши учун ҳаракат қилмоқда.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг жорий йилдаги иккинчи босқичида Самарқанд вилоятида 558 та таклиф овоз беришга қўйилиб, уларнинг 113 таси ғолиб деб топилди. Бу лойиҳаларнинг 61 таси ички йўлларни, 25 таси умумтаълим мактабларини, 9 таси соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш, жиҳозлаш, 5 таси маҳаллалар электр энергияси таъминотини яхшилашга қаратилган ташаббуслардир.
Маълумотларга кўра, ушбу лойиҳалар учун “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га 132,7 миллиард сўм ажратилади.
Жумладан, вилоятнинг Тойлоқ туманида “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи босқичида 168 та таклиф овозга қўйилиб, бешта лойиҳа ғолиб бўлди. Уларни амалга ошириш учун 6 миллиард 310 миллион сўм йўналтирилади. Бу лойиҳаларнинг 4 таси маҳалла ички йўлларини таъмирлаш, биттаси қишлоқ аҳолиси ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган.
Дўстлик маҳалласидаги 4 километр ички кўчаларга асфальт ётқизиш учун 1 миллиард 320 миллион сўм сўралган лойиҳа ана шу ғолиб ташаббуслардан бири. Бунинг учун маҳалла аҳолиси 7300 дан ортиқ овоз тўплади.
– Бу маҳалламизнинг “Ташаббусли бюджет”даги биринчи иштироки эмас, – дейди Дўстлик маҳалласи раиси Самад Мустафоқулов. – Шу йил биринчи босқичда Туёқли қишлоғимиздаги 1,2 километр йўлни асфальт қилиш бўйича ташаббус билан чиқиб, тўрт мингга яқин овоз тўплаб, ғолиб бўлгандик. Июль ойига қадар бу лойиҳа амалга оширилиб, 650 миллион сўм маблағ эвазига қабристон, мактаб ва боғчага борадиган йўлларимиз асфальт бўлди. Бундан руҳланиб, маҳалламиз аҳолиси билан келишган ҳолда иккинчи босқичда 4 километр ички кўчаларимизга асфальт ётқизиш бўйича ташаббусни илгари сурдик. Халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, ёшларимизнинг фаоллиги туфайли бу гал анча кўп овоз тўпладик. Бу лойиҳамиз амалга ошганидан кейин келгусида қишлоқ врачлик пункти, мактаб учун қўшимча бино қуриш, кўчаларга тунги чироқлар ўрнатиш учун ташаббусли бюджетда қатнашмоқчимиз.
“Ташаббусли бюджет”нинг биринчи босқичида Тойлоқда 191 та таклиф овоз қўйилиб, уларнинг 10 таси ғолиб бўлган эди. Биргина туман тиббиёт бирлашмасининг учта лойиҳаси энг кўп овоз олиб, уларни амалга ошириш учун 2 миллиард 170 миллион сўм маблағ ажратилди.
– Биринчи босқичда ғолиб бўлган учта лойиҳамиз бўйича ҳозирда тиббиёт бирлашмамиз ҳудудида сувоқава тизими янгиланмоқда, марказий поликлиника ва Ўртақишлоқ оилавий шифокорлик пунктида таъмирлаш ишлари бажарилмоқда, – дейди Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шавкат Жабборов. – “Ташаббусли бюджет”да ўтган йил ҳам қатнашиб, 2 та оилавий шифокорлик пунктимизни таъмирлаш бўйича таклифларимиз билан ғолиб бўлгандик. Бу муассасаларда қарийб 700 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Илгари бу ишларни бажариш учун дастурга киритишни йиллаб кутардик. Энди эса ўз муаммоларимизни ўзимиз ташаббус билан кўтариб чиқиб, ҳал қилиш учун ҳаракат қиляпмиз. Бу албатта, адолатли, шаффоф тизим самарасидир.
Айни пайтда иккинчи босқичда ғолиб бўлган ташаббусларни амалга ошириш учун лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.