Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга йўл олган фуқароларни огоҳлантирмоқда
Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, Қозоғистон синоптикларининг огоҳлантиришича, 1 июль куни Қизилўрда вилоятида ва Туркистон вилоятининг айрим жойларида ҳарорат 45-47 даражагача кўтарилади. Кучли жазирама ҳарорат Олмаота, Жамбул вилоятларида, Қўстанай ва Қарағанди вилоятлари айрим жойларида кутилмоқда.
Шунингдек, Қизилўрда, Туркистон, Жамбил вилоятларида, Ақтўбе, Қўстанай, Олмаота вилоятлари айрим жойларида фавқулодда ёнғин хавфи сақланиб қолмоқда.
Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистонга йўл олган ёки кўрсатилган вилоятларида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига тегишли эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилади.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонаси (Нур-Султон, Ақмола, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Қўстанай ва Қарағанда вилоятлари, тел.: +7-717-295-42-52), Актау шаҳридаги Бош консулхона (Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Мангистау вилоятлари, телефон: +7-729-277-71-17), Олмаота шаҳридаги Бош консулхонага (Олмаота шаҳри, Чимкент шаҳри, Олмаота вилояти, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари, телефон: +7-727-291- 11-78) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.