"Таъзимдамиз сизга, азиз-устозлар!"
Самарқанд вилояти Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси ташаббуси билан Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўз ҳаётини энг машаққатли ва шарафли ишга бағишлаб келаётган профессионал таълим тизими жонкуяр ходимлари ва фахрийлари учун байрам дастурхони ва концерт дастури ташкил этилди.
Тадбир доирасида таълим соҳасида ўрнак бўлиб, эришган ютуқлари орқали таълим-тарбия жараёнига салмоқли ҳисса қўшган фахрий ўқитувчилар ва мураббийлар ҳамда бугунги кунда тизимда фаолият кўрсатаётган устоз-мураббийларнинг авлодлар учрашуви ўтказилди.
Шунингдек, тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи билан ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган, ўзининг юқори касб маҳорати, ёрқин истеъдоди ва ижоди, ватанпарварлик фазилатлари билан эл-юрт ўртасида ҳурмат қозонган, фаол ва ташаббускор, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида алоҳида намуна кўрсатиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ тизим ходимлари “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланганларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тақдирлаш маросимида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев ҳамда вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.