Тергов судьяси нима иш қилади?
Жорий йилнинг 10 июнида Президентнинг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Унда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби белгиланди. Яъни, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилмоқди. 2025 йилдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан протсессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши керак.
Хўш, тергов судьяси қанақа санкция ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиши мумкин? Жумладан, санксияларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимосномалар киради.
Мажбурлов чораларига эса айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш сингари илтимосномаларни кўриб чиқиш ваколатини киритиш мумкин.
К.ПАНСАТОВ, Жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судининг раиси.