Тест имтиҳони кунлари туманлардан Самарқанд шаҳрига автобуслар қатнови йўлга қўйилади
Йўл кира нархларнинг асоссиз кўтарилишининг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси томонидан ташкил этилаётган махсус автобус йўналишлари ҳақида маълумот бергандик.
Албатта, 2-12 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрининг 12 та нуқтасида абитуриентларни кириш имтиҳонлари бўладиган ҳудудларга олиб борувчи автобуслар ташкил этилади. Ушбу автобусларга махсус белги ўрнатилади. Бошқарма масъул ходимлари ҳамда инспекторлари хавфсизлик нуқтаи назаридан махсус автобуслар салонида йўловчиларнинг 25 нафардан ошмаслигини, дезинфекциялаш жараёнини, йўл кира нархларини назорат қилиб боради.
Аввал хабар берганимиздек, 2-12 сентябрда махсус автобуслар ҳаракати эрта тонгги соат 5:00 дан бошланади.
Абитуриентларнинг асосий қисми вилоят туманларидан келишини ҳисобга олиб, туман марказлари ва Самарқанд шаҳрини боғловчи йўналишларда ҳам автобуслар қатнови графигига ўзгаришлар киритилди.
Унга кўра, 2-12 сентябрь кунлари туманлар марказини Самарқанд шаҳри билан боғловчи йўналишлардаги жамоат транспортлари ҳаракатни тонгги соат 5:00 дан бошлайди:
“Зиёвуддин” АББ – Мирбозор – Каттақўрғон – “Ҳазора” АББ
“Ургут” АББ – “Сиёб” АББ (Кафтархона)
Жомбой – “Шохи Зинда” АББ
“Булунғур” АББ – “Шохи Зинда” АББ
“Жума” АББ – “Ҳазора” АББ
“Пайариқ” АББ – Челак – “Шохи Зинда” АББ
“Каттақўрғон” АББ – “Ҳазора” АББ
“Нуробод” АББ – “Ҳазора” АББ
Жўш – Қўшработ – “Самарқанд” АББ
Ҳурматли йўловчилар! Нархлари сизга маъқул келадиган ушбу йўналишдаги автобуслар хизматидан фойдаланишни маслаҳат берамиз.
Ушбу автобусларда санитария талаблари асосида зарарсизлантириш ишлари амалга оширилади.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.