Техникум ўқувчилари ишли бўлади
Касб-ҳунар мактаблари ҳамда техникум битирувчиларининг қизиқишларини ўрганиш, уларнинг бизнес ва стартап ғояларини қўллаб-қувватлаш бугунги кунда ёшлар бандлигини таъминлашнинг энг муҳим жиҳатларидан биридир.
Самарқанд ветеринария медицинаси техникумида масъуллар ҳамда техникум ўқувчилари иштирокида айни шу мақсадга йўналтирилган мулоқот бўлиб ўтди.
Унда жорий йил 14 февралда давлатимиз раҳбарининг «Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, унинг ёшлар бандлигини таъминлашдаги аҳамияти ва қарорда белгилаб берилган вазифалар бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Тадбирда “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖ вилоят ҳудудий вакили Қаҳрамон Эшонқулов, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби вилоят ҳудудий филиали бўлим бошлиғи Гулбаҳор Рустамова ҳамда "Freedom broker" компанияси Самарқанд филиали раҳбари Феруз Бурхонов иштирок этиб, ёшларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш, ёш тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларидаги ўрни, шу жумладан, стартап ва инновацион лойиҳалар устида ишлаш, касб-ҳунар, рақамли технологиялар ҳамда хорижий тилларни чуқур эгаллашлари муҳимлигини таъкидлади.
- Ушбу қарор ёшлар тадбиркорлигида мутлақо янги даражани белгилаб берадиган муҳим ҳужжат бўлди, - дейди Гулбаҳор Рустамова. – Хусусан, қарорда “Ёшлар бизнеси” дастури амалга оширилиши белгиланган. Ушбу дастур доирасида “Бизнесга биринчи қадам”, “Ёшлар учун иш ўринлари”, “Инновацион ёшлар” лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилиб, ёшлар бандлиги таъминланиши режалаштирилган. Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ўғил-қизларга яқин ҳамкор, моддий қўллаб-қувватлайдиган ҳомий вазифасини ўтайди. Янги тизимга кўра, ёшларнинг мақсад ва ғоялари ўрганилиб, тайёр бизнес-режаларга айлантирилади. Бу бизнес ғояларни қаерда, қандай ҳаётга татбиқ этиш манфаатли экани ҳам ўрганилади. Бунинг учун ҳозирда техникумларда барча имкониятлар яратилган.
Мулоқотда ушбу қарор мазмун-моҳияти, қарорда белгилаб берилган вазифалар ҳамда шу кунгача амалга оширилган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Исматулла Мардиев,
техникум директорининг ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосари.