Тиббий тaълим вa илм-фaндaги янги дaвр бошлaнмоқдa: Янги университет — янги сифaт

Тиббиёт соҳаси — халқимиз саломатлиги, миллат генофонди ва мамлакат тараққиётининг энг муҳим пойдеворларидан бири. Шу боис, Президентимиз томонидан 2025 йил 22 апрелда қабул қилинган “Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бу йўналишда бурилиш ясайдиган ҳужжат бўлди.

Ягона университет — марказлашган тараққиёт модели
Қарор асосида Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институтининг кучли жиҳатлари бирлаштирилиб, ягона марказлашган илмий-таълим муассасаси — Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди. Бу ёндошув, бир томондан, ресурсларни самарали тақсимлаш ва инфратузилмани замонавийлаштириш имконини берса, иккинчи томондан, халқаро стандартларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
Эндиликда университет олий таълимда академик, молиявий ва ташкилий мустақилликка эга бўлади. Бу эса янги ва илғор таълим технологияларини кенг жорий етиш, хорижий мутахассисларни жалб қилиш, халқаро аккредитация ва глобал илмий алоқалар учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Тошкент тиббиёт академияси: тараққиёт йўлида
Янги университет таркибида Тошкент тиббиёт академиясининг ўрни беқиёс. Aкадемия ўзининг бой тажрибаси, етук илмий мактаблари ва салоҳиятли профессор-ўқитувчилари билан нафақат янги университетнинг, балки бутун мамлакат тиббиёт соҳасининг таянчига айланди. Қарор асосида мавжуд ўқув бинолари, илмий лабораториялар, клиникалар ва академик лицейлар модернизация қилинади, янги симуляция марказлари, IT-лабораториялар ва ахборот-ресурс марказлари яратилади.
Шунингдек, янгу университет негизида собиқ академияда ташкил этилаётган Тиббиёт илмий-инновацион тадқиқот институти фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар учун асосий илмий платформага айланиши кутилмоқда. Бу марказ орқали илм-фан ва амалиёт ўртасидаги тафовут бартараф этилиб, диагностика, даволаш ва профилактика бўйича янги методикалар ишлаб чиқилади.

Кафедра истиқболлари: Биоинформатика ва биотиббиёт физикасининг юксалиш даври
Биотиббиёт муҳандислиги, информатика ва биофизика кафедраси — бу қарор асосида энг катта ютуқларга эришиш салоҳиятига эга бўлган йўналишлардан биридир. Кафедрамизда бугунги кунда инсон организмидаги физиологик жараёнларни математик моделлаштириш, диагностик тизимлар учун сунъий интеллект асосидаги алгоритмлар ишлаб чиқиш, биотиббий маълумотлар таҳлили, тиббий тасвирлар ишлов бериш, геномика ва протеомика соҳасидаги биоинформатик таҳлиллар йўлга қўйилган.

Янги университетнинг халқаро доираларда фаолият олиб бориши, хорижий грантлар ва илмий ҳамкорликларни йўлга қўйиши орқали биз илмий салоҳиятни янада кенгайтиришимиз мумкин. Хусусан, сунъий интеллект асосида тиббий ташхис қўйиш бўйича халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этиш, рақамли соғлиқни сақлаш бўйича янги модулларни ўқув жараёнига татбиқ этиш, Симуляцион марказларда биотиббиёт физикаси асосида машғулотлар ўтказиш, Биоинформатикавий таҳлиллар учун суперкомпьютер инфратузилмасини яратиш, халқаро эътирофга эга илмий журналларда мақолалар чоп этиш орқали жаҳоннинг илғор университетлари билан тенглаштиради.

Янги университетда амалга ошириладиган ислоҳотлар орқали тиббиёт кадрларининг сифат даражаси ошади, амалий кўникмалар кучаяди, рақамлаштириш асосида соғлиқни сақлаш тизими шаффоф ва самарадорликка эришади. Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси таъминланиб, халқаро рейтингларда ўрин эгаллаш имкониятлари пайдо бўлди.
Шунингдек, республика бўйлаб иқтидорли ёшлар учун замонавий илмий инфратузилма ва ўқиш шароитлари яратилади.

Илм-фан ва соғлиқни сақлаш — битта тамал тош
Президентимизнинг ушбу қарори биз, тиббий таълим вакиллари олдига катта масъулият юклайди. Эндиликда ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир кафедра ва ҳар бир талаба — соғлиқни сақлаш тизимининг замонавийлаштирилишида фаол иштирок этиши керак. Бу қарор доирасида, айниқса, тиббиёт ва технология чорраҳасида фаолият юритаётган кафедралар олдида янги имкониятлар очилмоқда. Биотиббиёт муҳандислиги, информатика ва биофизика кафедраси бу йўлда етакчи бўлишга тайёр.
Чунки келажак — замонавий, илмга асосланган ва рақамли соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқдир. Бу эса фақат ислоҳотлар эмас, балки интеллектуал инқилобдир!

Фазлиддин Aрзиқулов,
Тошкент давлат тиббиёт университетининг биотиббиёт муҳандислиги, информатика ва биофизика кафедраси ўқитувчиси.