Аср муаммоси: Генетик ўзгартирилган озиқ-овқатлар саломатлигимиз учун хавфлими?

Яқинда ўқиб қолдим. Қишлоқ хўжалигида ГМО (Генетик ўзгартирилган озиқ-овқатлар) маҳсулотларининг оммавий етиштирилиши сабаб биологик хилма-хиллик камайиши, атроф-муҳит ифлосланиши, тупроқдаги турли хил фойдали бактериялар, айниқса чувалчанглар йўқолишига олиб келаётгани, асалариларнинг қирилиши, ҳатто қушлар ва балиқларнинг нобуд бўлиши кузатилмоқда экан.

Олимлар ГМО маккажўхорисини тажриба сифатида каламушларга бериб боққанида, бу улар организмида гормонлар мувозанатини издан чиқариб, жигарда димланиш ва некрозни юзага келтиргани аниқланибди.

Бугунги кунда ГМО, яъни бирор хил маҳсулотга бегона геннинг кўчириб ўтказилиши туфайли янги хусусиятларга эга бўлган организмнинг келиб чиқиши кун сайин кўпайиб бораётганлигини ҳисобга олсак, у инсонлар соғлиги учун хатарли эмасмикин? Биология фанлари доктори, профессор Шониёз Қурбонов билан худди шу мавзу хусусида суҳбат қурдик.

- Домла, ўсимликлар, ҳайвонлар ва барча микрорганизмларнинг ген таркиби янги сифатларга эга бўлган бегона генлар билан бойитилганда улар ўзгача кўриниш касб этаркан. Кўпчилигимизни бир савол ўйлантиради: гени ўзгартирилган маҳсулотларни бозор пештахталарида қандай “таниб олиш” мумкин?

- ГМО маҳсулотларининг шакли қолипга солингандек бир хилда бўлиб, улар ҳашаротлар таъсирига деярли учрамайди. Аксарияти ҳидсиз, лекин пўсти таранг, кўркам, кўзни қувнатади. Табиийсидан фарқи шундаки, пичоқ билан кесилса, шираси кўп ажралмайди.

Эндиликда озиқ-овқат дўконларида генетик ўзгартирилмаган ва биологик фаол қўшимчалари бўлмаган тайёр маҳсулотларни учратиш қийин. Ҳатто, қадоқланган айрим пишириқлар ва ширинликлар ҳам генетик чатишишларни “бошдан кечирган” десак хато қилмаган бўламиз.

Чет мамлакатларда эндиликда колбаса маҳсулотлари, фаст-фуд таомлар, турли соуслар, қуюлтирилган сут ва кетчуп сингари егуликлар таркибида ҳам генетик чатиштирилган қўшилмалар мавжуд. Сунъий ранг, ажойиб шакл ва ғаройиб ҳидга эга бундай маҳсулотларни кўрган харидор табиий ҳолда етиштирилган ва ташқи нуқсонлардан холи бўлмаган мева-сабзавотларга қайрилиб қарамаслиги табиий ҳол.

- ГМО маҳсулотлари кўпайтирилишига бирор зарурат борми? Бундай маҳсулотлар инсониятга тақдим этилишининг сабаблари нимада?

- Биринчидан, танланган организмлар жуда сермаҳсул бўлгани боис, озгина жойга экилса ҳам улардан кўп ҳосил олинади. Иккинчидан, улар ҳар хил зараркунандаларга ўта чидамли ва ҳатто унга “ҳужум” қилган айрим ҳашаротларнинг ўзлари нобуд бўлади, шу боис қимматли кимёвий моддалар тежаб қолинади. Учинчидан, ГМО маҳсулотларини етиштириш анча кам харажат талаб қилади. Тўртинчи асосий сабаб шундаки, ер юзи аҳолиси сонининг ошиб бораётганлиги туфайли инсоният олдида керакли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш масаласи кўндаланг қўйилаётган бир пайтда ГМО маҳсулотларини кўпайтириш ушбу муаммо ечимида қўл келиши мумкин.

- Билишимизча, жуда сезгир ҳисобланган иммун тизими ишига ГМО маҳсулотлари ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмас экан. Сизнингча, бу фикрни қандай ифодалаш мумкин?

- Ўтказилган тажрибаларга кўра, трансген (ГМО) таомларни сурункали истеъмол қилиш жониворларда айрим салбий физиологик–биокимёвий ўзгаришлар келтириб чиқаришини кўрсатди. Чунончи, ядро портлашлари туфайли юзага келган кучли нурланишлар шароитида ҳам бемалол кўпайиб яшайверадиган сичқон ва каламушлар трансген маҳсулотлар билан сурункали озиқлантириб борилса, уларнинг тана ва бош мияси ҳажми камайгани, шунингдек насл қолдириш хусусиятлари анча ёмонлашгани аниқланган.

Бундан ташқари, доимий равишда трансген маҳсулотлар истеъмол қиладиган ҳайвонлар орасида саратонга чалинганлари кўпайиб кетган. Ҳатто тажриба олиб борилган каламуш ва сичқонлар ҳар хил антибиотиклар таъсирига ўта чидамли бўлиб қолар экан. Бундан кўринадики, трансген маҳсулотлар билан озиқланадиган организмларда ҳар хил касалликларни антибиотиклар ёрдамида даволаш имкониятлари кескин пасайиб кетиши ҳам мумкин.

- Трансген (ГМО) маҳсулотларнинг фойдали жиҳатлари ҳам борми?

- Япониялик генетиклар яратган янги навли гуручни қандли диабетга чалинганлар ҳам бемалол истеъмол қилишлари мумкинлиги айтилди. Қизиғи шундаки, гени ўзгартирилган гуруч ейилгач, ошқозоности безида инсулин ишлаб чиқиши тезлашади.

Трансгенли эчки сутидаги оқсилдан эса тромбоз касаллигига қарши ишлатиладиган дори олинган.

Замонавий тиббиётда ҳам ген инженерияси янгиликларидан унумли фойдаланилмоқда. Масалан, гени ўзгартирилган бактериялардан инсулин олиш йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, инсон генини ўзгартириш орқали оғир касалликларни бартараф этиш устида изланишлар олиб бориляпти. Ҳатто ОИТСга чалинган болаларнинг ҳар тўрттадан биттаси ген терапияси ёрдамида даволанганини олимлар тажриба сифатида исботлаб беришган.

Лекин танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслик керак. Манбаларда келтирилишича, АҚШда гени ўзгартирилган маҳсулотлар истеъмол бозорига киритилгандан бир неча йиллар ўтиб, аҳоли ўртасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари 2-3 ҳиссага ортган. Соя оқсили сифатини ошириш мақсадида Бразилия ёнғоғи генлари киритилгани туфайли илгари бундай ёнғоқларга аллергияси бор кишилар гени ўзгартирилган сояни истеъмол қилганларидан сўнг уларда аллергик ҳолатлар пайдо бўла бошлаган. Демак, фактлардан хулоса чиқариш мумкинки, генетик тадқиқотлар махсус лабораторияларда, албатта, етук мутахассислар томонидан олиб борилиши зарур.

- ГМО маҳсулотлари бизга асосан қайси давлатлардан кириб келмоқда?

    - АҚШ, Бразилия, Канада, Хитой, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа кўплаб мамлакатларда эса ГМО маҳсулотларидан озиқ-овқатлар, (шунингдек гўштли таомлар, колбасалар, нон ва ун, кондитер, сут ва сут маҳсулотлари, ёғлар, маргарин сингарилар) тайёрланмоқда ва нафақат шу давлатларнинг ўз ҳудудига, балки кўп миқдорда четга ҳам чиқарилмоқда.

Америкада озиқ-овқатларнинг 70 фоизини трансген маҳсулотлар ташкил этади. Россияда истеъмол таомларининг 30-40 фоизига четдан келтирилган трансген ўсимлик навларининг мевалари, поялари, илдиз ёки барглари қўшилган.

Чет элларда етиштирилган 14 хилдаги трансген маҳсулотлар Россия шароитида истеъмол учун ишлатилмоқда.

Дунё олимлари ўзлари тўплаган маълумотларни умумлаштирган ҳолда, гени ўзгартирилган маҳсулотлар истеъмол қилинганда киши соғлиғига хавф туғдирмайди, деган хулосага келишди. Масалан, кейинги чорак аср давомида олиб борилган юздан ортиқ илмий тадқиқотлар натижасида гени ўзгартирилган маҳсулотлар табиий ҳолда етиштирилган маҳсулотлар каби хавфсиз эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Лекин масаланинг яна бир жиҳати олимларни ташвишлантиради. Яъни, ген таркибини ўзгартириш билан боғлиқ тадқиқотлар қатъий назорат қилинмаслиги (масалан, антибиотиклар, пестицидлар, гербицидлар ва бошқа ҳимоячи воситалар умуман таъсир кўрсатмайдиган патоген микро- ва макроорганизм турларининг кўпайиб кетиши) кейинчалик инсоният ва жамият учун салбий оқибатларни келтириб чиқариши ҳам мумкин.

- ГМО маҳсулотларини етиштириш жараёни қандай амалга оширилиши кўпчиликни қизиқтиради. Мутахассис сифатида бунга ойдинлик киритсангиз...

- Диққат қилинг, аввало, бирор хусусиятли (масалан, совуқ иқлим шароитида яшовчи) ўсимлик ёки ҳайвон турининг ген таркибидан керакли ген ажратиб олиниб, у бошқа бир организм геномига ўрнатилади. Натижада совуқ урмайдиган, шунингдек ташқи кўриниши чиройли ва таъми ўзгача у ёки бу ўсимлик нави юзага келади. Мана шу усул билан оддий ертут ген тизимига Арктика шароитида яшовчи балиқ генидан ўтказилиб, унинг қаҳратон қишда ҳосил берадиган нави яратилган.

Акула генлари помидорга кўчирилиб, унинг совуққа чидамли нави ихтиро қилинди.

 Чаён гени кўчирилгач, картошкада колорадо қўнғизидан ўзини ҳимоя қилиш хусусияти пайдо бўлган. Ана шундай генетик чатиштиришлар қишлоқ хўжалик экинларида қўлланилганда уларнинг табиий офатларга чидамлилиги оширилган. Бундай ўзгаришлар генетика соҳасида кейинги йилларда эришилган энг улкан ютуқлардан бири эканлигини тан олиш лозим.

Бундан кўринадики, гени ўзгартирилган маҳсулотлар халқ хўжалиги учун катта фойда келтираётганлиги ойнадек равшан. Лекин дунёда инсон организмидек ғоят мураккаб ва мукаммал тизимнинг ўзи йўқ. Бу организм жуда узоқ даврлар мобайнида ташқи ва ички муҳит билан уйғунлашган. Унинг ўсиши, улғайиши, ривожланиши яшаши, меҳнат қилиши учун ишлатиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларни етиштириш, истеъмол қилиш, қайта ишлаш, ўзлаштиришга жуда эҳтиёт бўлиб ёндашиш умумбиологик нозик масала ҳисобланади.

Демак, трансген маҳсулотлар устида ўтказилаётган тадқиқотлар ҳам тобора мукаммалаштирилаётган экан, бу борадаги яратувчилик кашфиётлари келгусида инсониятга безарар хизмат қилиши лозимлигига жиддий эътибор қаратилиши шубҳасиз.

Гулчеҳра Жамилова ёзиб олди.