Нега коронавирус касаллигида шўр нарсаларни истеъмол қилиш ман этилади?

Ушбу саволга АОКА залида бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова жавоб берди:

➖ Изланишлар шуни кўрсатадики, ҳаддан ташқари тузли озуқаларни истеъмол қилиш қон таркибини қуюлтириш ҳисобига артериал қон босимини, инсульт ва юрак қон-томир касалликларини юзага келтириш хавфини оширади.

ЖССТ таъкидлашича, 62 % инсультни ва 49 % юрак етишмовчилигини келтириб чиқарувчи асосий сабаблардан бири — бу кўп миқдорда тузни истеъмол қилишдир. Короновирус касаллигида ҳам тузни кўп истеъмол қилиш қон таркибининг қуюлишига ҳамда организмда мультитизимли яллиғланиш, юрак қон-томир тизимида кескин ўзгаришлар каби асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

ЖССТ тавсиясига асосан бир кунда туз истеъмол қилиш меъёри 5 грамм қилиб белгиланган.

Изланишлар натижаларига кўра, тузли озуқаларни истеъмол қилишни камайтириш, яъни нормада қабул қилиш, артериал қон босими пасайишига ва унинг натижасида инсультдан 42 фоизгача ва юрак касалликларидан 40 фоизгача ўлим хавфини камайтиришга олиб келган.

Кўпинча беморларда юрак-қон томир касалликларининг асоратлари оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилади. Яъни, коронавирус юқтириб олган беморларда ўткир миокард инфаркти, бош мия инсульти, юрак етишмовчилиги ҳолатлари юзага келиб, вирус инфекциясининг оғир кечишига сабаб бўлади.

Юқоридаги далилларга асосланиб, биз Сизга ҳар қандай шароитда соғлом турмуш тарзини олиб боришни, шифокор тавсиясига эътиборли бўлишингизни ҳамда тўғри овқатланишни тавсия этамиз. Буларнинг барчаси коронавирус асоратининг олдини олишга қартилган тадбирлардир.