Шифокор тавсияси: Бир кунда 4 марта овқатланиш керак
Овқатланиш – танамиздаги ҳаётий жараённи таъминлаб туриш ва ҳаракат қилишда зарур бўлган қувватни қайта тиклаш учун керак. Ана шу муҳим талабни таъминлаш учун кун давомидаги овқатланиш тартибини тўғри ташкил этиш лозим бўлади Жисмоний ҳаракат овқат ҳазм бўлишида муҳим омил эканлигини доимо эсда тутиш лозим.
Кун давомида 4 маротаба овқатланиш мақсадга мувофиқдир. Аммо овқатланиш вақти бўлди ёки овқатланиш тартибига риоя қилишим керак, деб иштаҳангиз бўлмаса ҳам овқатланавериш ярамайди. Фақат очиққанда овқатланишни одат қилинг. Ҳақиқий очликни билиш учун овқатланишдан олдин 200 г гача сув ичинг. Агар сиздаги очлик чанқоқлик туфайли бўлса ўтиб кетади. Бу ҳолат ҳақиқий очлик ва организм овқатни талаб қилаётганидан нишона. Қолаверса, ҳақиқий очлик вақтида ҳар қандай овқат, ҳатто қаттиқ нон ҳам ширин туюлади ва иштаҳа билан ейилади.
Овқатланиш вақтида ва ундан 15-20 дақиқа олдин сув, чой каби суюқликларни тўйиб ичманг. Чунки, бу суюқликлар ошқозон ширасини суюлтириб, уни овқатларни ҳазм қилиш кучини камайтиради ва ошқозонга йиғилган ширани ўзи билан олиб кетади. Овқатлангандан кейин ҳам 1-1,5 соатгача суюқлик ичмасликни одат қилинг. Суюқликларни овқатланишлар оралиқларида истеъмол қилинг. Бир галги овқатланиш вақтида овқатнинг умумий миқдори қуюқ-суюқлик биргаликда 1 литрдан ошмаслиги лозим. Истеъмол қиладиган овқатингиз жудаям иссиқ ёки жудаям совуқ бўлмасин. Умуман овқатнинг ҳарорати тана ҳароратига (35-450) яқин бўлгани маъқул. Овқат устига муздек сув ичиш ёки музқаймоқ ейиш зарарли одат ҳисобланади ва бу ошқозон-ичаклар фаолиятини бузилиши билан боғлиқ муаммоларга олиб келади.
Кундалик овқатларингиз таркибига мавсумга қараб салатлар, сабзавотлар, ҳўл ва қуруқ мевалар, сут маҳсулотларини кўпроқ киритинг. Бу саломатлик ва ишчанлик учун ниҳоятда муҳим. Эрталабки нонуштага мевалардан бирортасини (қовун ҳам шу ҳисобда), мева ёки сабзавотлар шарбатларини истеъмол қилишни, тушликка асосий овқат билан 200-300г. салат, кечқурунга енгил суюқ овқат, уйқуга ётишдан олдин 150-200 г. ёғсизлантирилган қатиқ ёки шунча миқдорда мева ёки сабзавотлардан тайёрланган шарбатлардан бирини истеъмол қилишни одат қилинг. Салатлар асосан 3-4 турдаги полиз маҳсулотлари ва кўкатлардан иборат бўлиб, уларни истеъмол қилганда уксус ва кучли ачиқ-чучуклар ишлатманг. Албатта, салатлар пиширилмасдан истеъмол қилинадиган егулик. Сабзи, қизил лавлаги, турп, пиёз, булғор мурчи кабиларнинг 2-3 туридан тайёрланиб, ҳар бир салатнинг таркибида укроп, петрушка, пиёз ёки саримсоқ бўлиши шарт. Салатларга ош тузини ишлатишда эҳтиёт бўлинг. Чунки, салатнинг ўзи организмни минерал тузлар, микроэлементлар ва витаминларга бўлган талабини қондиради. Шунга кўра, салатлар билан овқатланганда овқатга ош тузини қўшишда албатта меъёрга эътибор беринг.(Таъбга қараб туз солиш) Салатларни таъмини яхшилаш учун унга ёғсизлантирилган қатиқ, сузма, асал қўшиш мумкин.
Ҳайвон ёғларини истеъмол қилишни иложи борича чегараланг. Улар овқатни ошқозон ва ичакларда ҳазм бўлишига тўсқинлик қилиб, юрак хасталиги хавфини оширади. Ўсимлик ёғларини ҳам меъёрда истеъмол қилиш ўринли.
Овқатни ортиқча ейишни одат қилманг. Чунки, ортиқча истеъмол қилинган овқат ички аъзоларни зўриқиб ишлашга мажбур қилади ва оқибатда уларнинг фаолиятини издан чиқаради. Бу эса умумий кайфиятсизлик, ланжлик, лоҳаслик ва оқибатда бу ҳолат саломатликнинг ёмонлашиб бориши вакасалликларга сабаб бўлади. Ҳафтасига бир кун очлик ўтказишга ҳаракат қилинг. Айниқса, дам олиш кунлари, тўй, байрам ва улфатчиликлардан кейин очлик жуда фойдали тадбир. Бу даврда ички аъзолар ва бутун организм ўзини-ўзи тозалашга улгуради. Очлик даврида 1,5-2литр қайнатилган сув ичиш эсингиздан чиқмасин.
Бутун кун давомида ҳар 1-1,5 соатдан 100-150 г. сув ёки шарбат ичишни одат қилинг. Энг яхши ва фойдалиси бу оддий ичимлик суви эканлиги эсингиздан чиқмасин. Имкон борича уйда овқатланишга ҳаракат қилинг.
Бодом Қулматова, шифокор.