Медиа ҳафталик: Фактчекинг, дезинформация нима?
Самарқандда ўтказилаётган “Медиа ҳафталик”нинг тўртинчи кунида оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари раҳбарлари, мобилограф ва телевидение ходимлари учун тренинглар ўтказилмоқда.
Бугун халқаро тоифадаги медиа-эксперт Беруний Алимов "Ахборотни истеъмолчи ва яратувчи ўлароқ текшириш: фактларни ва визуал ахборотларни текшириш учун фактчекинг инструментлари", “Менинг юртим” телеканали бош продюсери Бахтиёр Тўрахонов "Ҳужжатли фильм — ислоҳотларни акс эттириш воситаси" мавзуларида, Контент маркази мутахассиси Жалолиддин Мирзаев "Мобил репортаж ва визуал storitelling" ҳақида машғулотлар ўтмоқда.
- Бугун ахборот нафақат тез, балки назоратсиз тарқалаётган муҳитдамиз, - дейди эксперт Беруний Алимов. - Ҳар бир фойдаланувчи бир вақтнинг ўзида ҳам истеъмолчи, ҳам яратувчига айланди. Шу боис фактчекинг журналистларгагина эмас, балки кенг жамоатчилик учун ҳам зарурат. Чунки текширилмаган ахборот ишончни йўқотади, жамиятда нотўғри тасаввурларни шакллантиради.
Дезинформация эса бугун глобал таҳдидга айланган. У жамиятда ишонч инқирозини келтириб чиқаради, ижтимоий кескинликни кучайтиради, ҳатто айрим ҳолатларда сиёсий ва иқтисодий қарорларга таъсир кўрсатади. Хавфлиси, инсонлар ёлғонни ҳақиқат деб қабул қила бошлайди. Шунинг учун ҳар бир хабарга танқидий ёндашув керак ва манбаларни солиштириш, расмий маълумотлар билан таққослаш, геолокация ва вақтни текшириш усуллари жуда самарали. Муҳими, бир манба билан чекланмаслик ва тезлик эмас, аниқлик устувор бўлиши керак. Шу билан бирга, аудиторияни ҳам медиа саводхонликка ўргатиш зарур. Чунки фақат журналистлар эмас, ҳар бир фойдаланувчи ахборот гигиенасига амал қилса, дезинформация тарқалиши сезиларли даражада камаяди.