Тиббиёт соҳасида Нобель мукофоти совриндори аниқланди

Жорий йилда тиббиёт ва физиология соҳаси бўйича Нобель мукофоти гепатит С соҳасида олиб борган тадқиқотлари учун тадқиқотчи олимлар Харви Альер, Майкл Хоутону ва Чарльз Райсга  топширилди.

“Тарихда илк маротаба гепатит С вирусини энди даволаса бўлади. Тиббиёт соҳаси бўйича мукофот совриндорларининг кашфиётлари сурункали гепатит билан касалланишнинг асосий сабабларини очиб берди ва миллионлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолган қон таҳлили ўтказилишини ва янги дори воситалари қўлланилишига замин яратиб берди”, деди Нобель мукофоти қўмитаси вакили.

Бугун 5 октябрь куни, Стокгольмда ҳар йили ўтказиладиган анъанавий Нобель мукофоти маросими ҳафталиги тиббиёт ва физиология соҳасидаги совриндорларни эълон қилиш билан бошланди. 6 октябрь куни физика соҳаси бўйича совриндорлар номи аниқ бўлади, 7 октябрда кимё, 8 октябрда адабиёт соҳаси бўйича Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинади.

Шунингдек, 9 октябрь куни дунёда тинчлик ўрнатилиши учун ҳаракат қилган Нобель мукофоти совриндори, 12 октябрда эса Альфред Нобель таъсис этган мукофот иқтисодиёт соҳаси вакилига топширилади.